Кўприк остидан қайрилиб олиш йўли ва бошқа объектлар қурилиши кўздан кечирилди

Вилоят ҳокими ўринбосари Наврўз Раҳмонов ҳудудларда олиб борилаётган қурилиш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари жараёнларини ўрганди.
Дастлаб, М-37 “Самарқанд–Бухоро–Туркманбоши” автомобил йўлининг 6 километр қисмида жойлашган кўприк остидан қайрилиб олиш объекти қурилиши кўздан кечирилди. Қурилиш-монтаж ишлари сифатига эътибор қаратиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Шундан сўнг Ширин шаҳарчаси қурилиш штабида инвесторлар иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда қурилишнинг бугунги ҳолати, ишлар суръати ва сифат талаблари муҳокама қилиниб, жараёнларни жадаллаштириш юзасидан тавсиялар берилди.
Наврўз Раҳмонов шаҳарчанинг инфратузилмасига оид масалаларни ҳам кўриб чиқиб, Ширин шаҳарчаси замонавий бўлиши билан бирга, аҳолига қулай шароитлар яратиши лозимлигини таъкидлади.
Шунингдек, Имом ал-Бухорий мажмуаси атрофида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари билан танишилиб, мазкур йўналишдаги фаолият ҳам доимий назоратда бўлиши таъкидланди.