Кўрар кўзинг басир, балки қалбинг кўзи кўр бўлмасин
Истеъдодли шоир Ўткир Нуруллаев 1941 йилда Пахтачи туманида туғилди.
Ўрта мактабда битириб, 1960 йилларда олийгоҳда таҳсил олди.
Узоқ йиллар республика ва вилоятда турли нуфузли вазифаларда фаолият кўрсатди.
Шоирнинг “Ижод қайнар булоқлари”, “Асрасин тангрим сени”, “Илтижо”, “Раҳбарлик, дўстлик ва одамийлик фазилатлари”, “Жаннати бўлай десанг”, “Ибрат хазинаси”, Сатрларга синган изтироб”, “Хақ илтижолари”, “Дил изҳори” китоблари чоп этилган.
Ўткир Нуруллаев ҳаёт бўлганида 80 ёшни қаршилаган бўларди. Афсуски, 2016 йилда 75 ёшида вафот этган.
Қуйида шоирнинг шеърларидан намуна ўқийсиз.
***
Истиқлол
Ватандан жудолар йиғлаган дамда,
Ватаним кўзимга тўтиё экан.
Бу дунё азалдан бир мири кам-да,
Бефойда зар-зевар, мол-дунё экан.
Ватан деб ўтдилар қанча аждодлар,
Замона кар эди, кар дунё экан.
Мустақил Ватанга бугун кенг йўлдир,
Истиқлол азалий муддао экан.
Ватан деб, корига яраган инсон,
Ўткирга, Ватанга чин ошно экан.
Бўлмасин
Дўстим, қорнинг оч бўлса ҳам,
Лекин кўзинг оч бўлмасин.
Кўрар кўзинг басир, балки
Қалбинг кўзи кўр бўлмасин.
Уйда нонинг бўлмаса ҳам,
Асло феълинг тор бўлмасин.
Ёшликда зор бўлмаганлар,
Қариликда хор бўлмасин.
Умринг танҳо ўтса-ўтсин,
Лек бевафо ёр бўлмасин.
Душмани доно яхшидур,
Дўстинг нобакор бўлмасин.
Дўстлар тила истаганча,
Битта душманинг бўлмасин.
Узоқдаги қариндошдан
Қўшнинг аъло, кам бўлмасин.
Миннат ўтида пишса ош,
Айтгин, унда таъм бўлмасин.
Ғайридин бўлса бўлар,
Ҳеч динсиз одам бўлмасин.
Билмадик
Молу дунёга ҳирс қўйганлигимиз билмадик,
Во дариғ, фоний дунё биздан қоларин билмадик.
Мансабу бойликни деб хиёнат қилдик мудом,
Оқибат дўзах ўтида куяримизни билмадик.
Қўшни қўшнини кўролмас, бу ҳасадга не боис?
Навбат етиб бу гардундан кетарлигимиз билмадик.
Фозил одамлар устига ёғдирдик туҳмат тошини,
Ваҳки, яхши ҳам ёмон, қолмаслигини билмадик.
Кўзларки ғуборлашди, фарқланмас ҳалол-ҳаром,
Фарзандлар иқболига бир кун заволин билмадик.
Мол талашди оға-ини, ер талашди қўшнилар,
Икки газ ер буюрса гар, гўрга кирарин билмадик.
Мол-дунё топайин деб тавбани ортга сурдик,
Охиратда надоматда қоларимизни, билмадик.
Мансабу пулларга биз инсофу имонни сотдик,
Қоронғу гўрда бизни сўроқ қиларин билмадик.
Эй, Ўткиро, сақла имон, Ҳақ йўлини танла, тут,
Аллоҳ раҳм қилмаса жаннатга йўлни билмадик.