Корея экспорт-импорт банкидан тиббиёт муассасалари учун имтиёзли қарз: Самарқандга 35 турдаги 655 та тиббий жиҳоз олинади
Ушбу замонавий тиббий жиҳозларни харид қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 июлдаги "Корея экспорт-импорт банки билан ҳамкорликда “Ҳудудий тиббиёт муассасаларини тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган.
Қарорга кўра, лойиҳани амалга ошириш учун республикамиз бўйича Корея экспорт-импорт банкининг Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармасидан 10 йил имтиёзли давр билан 40 йил муддатга жами 74 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги Корея вонида имтиёзли қарз ажратилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 88,78 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
«Ҳудудий тиббиёт муассасаларини тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш» лойиҳаси доирасида харид қилинадиган тиббий жиҳозларнинг ҳудудлар бўйича тақсимотига кўра, Самарқанд вилоятидаги тиббиёт марказ ва бирлашмалар учун 35 турдаги 655 та тиббий жиҳозлар олинади.
Масалан, ҳар бир туман, шаҳар тиббиёт бирлашмасига замонавий "C-ARM" рентген ускунаси, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази,
РШТЁИМ Самарқанд филиали ва Самарқанд давлат тиббиёт университети клиникасига биттадан ЛОР комбайн (микроскоп ва видео тизими билан) харид қилинади.
Ушбу узоқ муддатли имтиёзли қарз берилиши ва сўнггри русумдаги тиббий жиҳозларни олишдан мақсад аҳолининг кафолатланган ва сифатли тиббий ёрдам олиш имкониятини кенгайтириш, ҳудудий тиббиёт муассасаларида кўрсатиладиган тиббий хизматлар кўлами ва сифатини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашдан иборат.