Корея Ўзбекистонни қизил ҳудуддаги давлатлар рўйхатидан чиқарди
Корея Республикасига ишга кетишни режалаштираётган: биринчи маротаба шартномаси келган ҳамда 4 йил 10 ой бир корхонада ишлаб қайта шартнома билан келганлар фуқаролар диққатига.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон Республикасида эпидемиологик вазият барқарорлашгани инобатга олиниб, Корея Республикаси томонидан Ўзбекистон қизил ҳудуддаги давлатлар рўйхатидан чиқарилди.
Шу муносабат билан, шартномаси мавжуд ҳамда виза тасдиқномаларининг амал қилиш муддати тугамаган фуқароларни пандемия даврида Корея Республикасига ташкилий тарзда жўнатиш тартибини келишиб олиш бўйича Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан мазкур давлатнинг тегишли идоралари билан музокаралар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда фуқароларни ташкилий тарзда жўнатишнинг аниқ саналари номаълумлиги сабабли, шартномаси келган ва виза тасдиқномалари мавжуд фуқароларнинг Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатларни тайёрлаб қўйишлари тавсия қилинади. Судланмаганлик тўғрисидаги ва тиббий маълумотномаларнинг амал қилиш муддати берилган кундан бошлаб 3 ой эканини эслатиб ўтамиз.
Жанубий Кореяга фуқароларни ташкилий тарзда жўнатиш бўйича янгилик бўлган такдирда, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг расмий ахборот каналлари орқали эълон қилиб борилади.
Хорижга чиқиш паспортига эга бўлмаган фуқаролардан эса зудлик билан хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш сўралади.
Қўшимча маълумот олиш учун: 71 202 33 55 (ички рақам 41, 42)