Самарқандда энди пиёдалар кўпаядими?
Транспорт йўналишининг кутилаётган халқона ечими ҳақида фикр
"Пиёдаларни севиш керак, пиёдалар инсониятнинг асосий қисмини ташкил қилади. Дунёни пиёдалар бунёд этишган... Ҳамма нарса тахт бўлиб, кураи заминимиз кўркам тус олгач, автомобилчилар пайдо бўлди. Пиёдалар қурган кўчалар автомобилчилар ихтиёрига ўтиб кетди. Умуман, пиёдаларнинг обрўсига қаттиқ путур етди".
Бу сатрлар 1931 йилда рус ёзувчилари — Ильф ва Петров томонидан битилиб, илк автомобиль намуналари кўчаларда пайдо бўлгандаёқ пиёдаларнинг кейинги тақдири эҳтимолий хавотирга олинган эди. Орадан салкам бир аср ўтиб, бу хавотир чинакам хавфга айланиб улгурди. Бугун инсониятнинг ажралмас «бисот»ига айланган автомобиль оҳанрабоси сабаб, дунё цивилизациясининг илк бунёдкорлари сафига ҳам тобора путур етмоқда.
- Самарқанд автомобиллар учун эмас! Одамлар учун қулай шаҳарга айлантирилиши зарур. Бугун у худди машиналар шаҳрига айлангандек. Машина эгалари норози бўлса ҳам, пиёдаларга юришга шароит туғдиришимиз керак, шу тарзда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов самарқандлик барча масъуллар эътиборини пиёдаларга шарт-шароит яратишга қаратди.
Ростдан ҳам вилоят ҳокими ташаббуси сабаб, зарур шарт-шароитлар яратилиши натижасида кўпгина ноёб «бисот» эгалари ҳам пиёдаларга айланишса ва икки тоифа ўртасидаги тафовут қисқарармиди. Агар вилоят ҳокими барчани эътиборини қаратмаса, шаҳарда хеч кимнинг «отдан тушгиси» йўқдек.
Шу аснода шаҳар секторлари раҳбарларига, марказий кўчаларда автомобиллар тўхташ жойларини ташкил этиш, пиёдалар йўлакларини тартибга келтириш, пиёдалар учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.
- Шаҳар тўртта сектори раҳбарлари пиёдалар йўлакларидан ўзлари юриб, шарт-шароит яратиши керак. Пиёдалар йўлакларига машина қўйиб қўяди. Қўйдирмаслик керак. Одамларимиз кўпроқ пиёда юриши керак. Самарқандни пиёдалар шаҳрига айлантириш чора-тадбирларини кўришимиз керак.
Дарҳақиқат, Америка, Япония, Европа давлатларида миллионерларни фақат банкдаги ҳисоб жамғармасидан билиш мумкин. Улар оддий одамлар қатори хиёбонларда, денгиз қирғоғида пиёда сайр қилади, велосипед минади. Бизда одамларнинг нуфузини, қадрини белгиловчи ёмон тамойил, шаклланиб қолган.
Пиёда юришга одатланишимиздан кўзланган асосий мақсад соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига жамоатчилик эътиборини жалб қилиш, шаҳарларда автомобиллар ҳаракатини камайтириш ва жамоат транспортини ривожлантиришдан иборат.
Йигирма биринчи асрда инсониятни жиддий ташвишга солаётган муаммолардан бири — атроф-муҳитни ифлосланиши ва атмосферага чиқарилаётган турли чиқинди газларни инсон саломатлигига етказаётган салбий оқибатлари. Маълум бўлишича, республикамизда атмосфера ҳавосига жами зарарли ташламаларнинг 58 фоизи (1,4 млн тонна) автотранспорт воситалари улушига тўғри келади. Демак, шу рақамлардан ҳам кўриниб турибдики, бу «бисот»имизнинг экологияга таъсири анча жиддий ва хавотирли.
Ана шулар ҳисобга олиниб, Самарқанд шаҳрига ҳозирга қадар 36 та электробус олиб келинган. Йил якунига қадар яна 64 та электробус келтирилади. Энг эътирофлиси, бу электробуслар йўналишини транспорт бошқармаси, вилоят раҳбарлари билан эмас, шаҳар аҳолиси билан муҳокама қилиб, тайинлайди.
- Пиёдаларга шароит бўлиши керак. Қайси бир пиёдалар йўлакларига қаранг, автомобиллар билан тўла, - танқид қилади Эркинжон Турдимов.
Дарҳақиқат, биз автомобилсиз юрган ҳар бир кунимиз билан, аввало, атроф-муҳитни софлигига катта ҳисса қўшсак, бунинг яна бир муҳим жиҳати эса пиёда юриб саломатлигимизни тиклаймиз. Маълумотга кўра, пиёда юриш асаб тизими – мия фаолияти, ҳаракат тизимини яхшилайди, асаб ҳужайраларини кислород билан бойитади, тинчлантиради, уйқу меъёрлашади,юрак-қон томирлар тизими – қон босимини пасайтиради, юрак фаолиятини яхшилайди. Оёқ мушакларининг ритмик қисқариши ҳамда бўшашиши қон ва лимфа оқимини фаоллаштиради. Ҳаракат-таянч тизими – модда алмашинувини оширади, ортиқча вазнни йўқотади. Нафас олиш тизими – ўпка фаолиятини яхшилайди. Овқат ҳазм қилиш тизими – ўт пуфаги ва ичакларнинг тўлқинли ҳаракатларини кучайтириб, ўт қопида тош пайдо бўлиши ва қабзиятнинг олдини олади. Эндокрин тизими – ёғларнинг эриши ва углеводларнинг парчаланиши ҳисобига ортиқча вазн йўқолади, қандли диабетнинг олди олинади. Шунингдек, мунтазам пиёда юриш иммунитетни мустаҳкамлайди. Мутахассислар ҳар куни камида ярим соат пиёда юришни тавсия қилади.
Шуҳрат Нормуродов.