Июнь ойида ким қанча пиёда юрган?

Самарқандлик  15 нафар пиёда юрганларга  5 миллион 300 минг сўм  пул тўланди.

Шу йил 1 июндан юртдошларимиз орасида юриш ва югуришни кенг тарғиб қилишга қаратилган “Соғлом турмуш тарзи” платформаси  расман фаолият кўрсатишни бошлади.

Платформага ҳалигача ишончсизлик билан қараётганлар ҳам йўқ эмас. Бироқ шубҳага бориш ўринсиз, “Соғлом турмуш тарзи” платформаси орқали Ўзбекистоннинг 18 ёшдан ошган фуқаролари июнь ойи якунларига кўра тегишли мукофот пулларини қўлга киритди.

Хусусан, ўзи яшаб турган туман ёки шаҳарда пиёда юрганлар орасида энг узоқ масофани босиб ўтган  15 нафар самарқандликларга 300 мингдан 800 минг сўмгача мукофот пули ўтказиб берилди.

Умуман, платформа орқали республикамиз бўйича туман ва шаҳарлар кесимида 203 нафар ғолиб аниқланган. Учта туман аҳолиси платформадан рўйхатдан ўтмаган ёки ундан фойдаланишмаган. Умумий ҳисобда платформадан рўйхатдан ўтган 27 минг 482 нафар юртдошимиз орасида 20 минг 774 нафари эркаклар.

Июнь ойи якунларига кўра, Тошкент шаҳри Юнусобод туманида истиқомат қилувчи Тимур Ахмадуллин ғолиб деб топилди ва 1 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотини қўлга киритди. Т.Ахмадуллин унгача туман ва пойтахт кесимида ҳам ғолиб чиққанлиги боис, 1 миллион 800 минг сўмни қўлга киритди. Бунинг учун у июнь ойида 890 минг 947 қадам пиёда юрган.

Июнь ойида “Соғлом турмуш тарзи” платформаси орқали 203 нафар туман (шаҳар) босқичи ғолибларига 60 миллион 900 минг сўм, 7 миллион сўм ҳудуд (вилоят) ғолибларига мукофот пули тўланган.