Қишнинг қоқ ўртасида тил бириктириб нарх ўйнатган пропан импортчилари жазоланган
Рақобат қўмитаси Махсус комиссияси томонидан пропан импорти ва унинг биржа савдоларидаги нарх шаклланиши юзасидан ўтказилган текширувлар натижасида қатор қонунбузилиш ҳолатлари фош этилди.
Маълум қилинишича, 2025 йилнинг ноябрь–декабрь ойлари ҳамда жорий йил январь ойида айрим хўжалик юритувчи субъектлар томонидан пропан маҳсулотининг биржа савдоларида бошланғич нархлари асоссиз равишда оширилган. Шу билан бирга, айрим ҳолатларда маҳсулот ҳажмлари сунъий тарзда биржага чиқарилмагани натижасида бозорда нархлар кескин ошишига олиб келган.
Қўмита томонидан кўрилган тезкор чоралар натижасида пропан нархи 21 фоизгача арзонлаштирилди. Бу эса бозорда рақобат муҳитини тиклаш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим қадам бўлди.
Ўтказилган назорат тадбирлари ва муҳокамалар натижасида жами 31 та хўжалик юритувчи субъект (масалан, "POYTUG‘ GAZ TO‘LDIRISH KORXONASI" МЧЖ, "Taraqqiyot gaz servis" МЧЖ, "PLANETA NEFT GAZ INVEST" МЧЖ, "GOLD SAMARKAND OIL" МЧЖ, "MAROQAND-ENERGY GAZ OIL" МЧЖ) томонидан “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилгани эътироф этилди. Ушбу субъектлар орасида газ таъминоти ва нефть-газ маҳсулотлари билан шуғулланувчи қатор корхоналар мавжуд.
Хусусан, 12 та субъект (масалан, "MAROQAND-ENERGY GAZ OIL" МЧЖ, "ASATILLO BOBO GAZ INVEST" МЧЖ, "GAZONE" МЧЖ, "SH-Z HANDSOME GROUP" МЧЖ) томонидан биржа савдоларида рақобатга зид бўлган мувофиқлаштирилган ҳаракатлар амалга оширилгани аниқланди. Қолган ҳолатларда эса маҳсулотларнинг бошланғич нархларини сунъий равишда ошириш, шунингдек, қонунчиликка зид равишда тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиш ҳолатлари кузатилган.
Аниқланган қонунбузилишлар асосида Махсус комиссия томонидан тегишли қарор қабул қилинди. Унга кўра, қонунбузилиш содир этилган даврдаги товар айланмасига нисбатан жами 28,9 млрд сўм миқдорида молиявий жарима қўлланилди. Асоссиз олинган 34,1 млрд сўм маблағни Республика бюджетига ундириш белгиланди.
Шунингдек, барча субъектларга қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича мажбурий кўрсатмалар берилди.