Кореяда ишлаш учун ўтказилаётган саралаш тест имтиҳонини онлайн кузатиш мумкин: Имтиҳон кечки 20:00 гача бўлиб ўтади
Бугун 14 июль Тошкент ходимларни бошқариш ва меҳнатни муҳофаза қилиш коллежи биносида Кореяда ишлаш учун ўтказиладиган EPS-TOPIC имтиҳонларига кириш учун корейс тилини билиш бўйича саралаш тест синовлари ўтказилмоқда. Бу ҳақда Меҳнат вазирлиги хабар бермоқда.
Имтиҳонда иштирок этадиган номзодлар. Саралаш тест имтиҳонларини топшириш учун куннинг биринчи ярмида 655 нафар номзод тест синовига киритилди. Имтиҳонда қатнашган жами номзодлар сони кун якунига қараб аниқланади. Чунки тест имтиҳонларида аввалдан рўйхати шакллантирилган номзодлардан ташқари, биринчи марта рўйхатдан ўтаётган номзодлар ҳам иштирок этмоқда.
Тест синовларини ўтказиш муддати. Тест синовлари 14 июль куни соат 08:00 дан 20:00 га қадар бўлиб ўтади. Имтиҳонга кирадиган номзодларнинг аввалдан шакллантирилган рўйхатида ҳар бир номзоднинг тест синовига кириш вақти кўрсатилган. Номзодлар шу асосда гуруҳ-гуруҳ бўлиб имтиҳонга киритилади.
Тест синови ўтказиладиган бино. Имтиҳон топширадиган барча номзодлар кенг сиғимли ягона аудиторияда корейс тилидан билимларини синовдан ўтказишади. Бундай ёндашув имтиҳон давомида умум назоратни ўрнатиш ва номзодлар учун тенг шароитли муҳитни яратишга имкон беради.
Тест саволлари, уларни баҳолаш ва ажратилган вақт. Тест дастури тизимида рўйхатдан ўтилгач, номзод учун корейс тилидан 40 та савол тақдим этилади. Мазкур саволларнинг 20 таси матнли, 20 таси аудио вариант ҳисобланади. Тест саволларини бажариш учун 45 дақиқа ажратилган. Имтиҳон 100 балли тизимда баҳоланиб, ҳар бир тўғри жавоб учун 2.5 балл берилади.
Натижаларни билиш. Номзод тест саволларини бажариб бўлгач, тестни якунлаш тугмачасини босади ва шу заҳоти монитор орқали қанча балл тўплаганлигини билиб олади. Бундан ташқари, ҳар бир номзоднинг тест натижалари қоғозда чоп этилиб, номзодга тақдим этилади. Тест саволларини якунлагач, номзод натижалар тарихи билан ҳам танишиб чиқиши мумкин, яъни тўғри ва нотўғри бажарган саволларини текшириши мумкин.
Имтиҳон жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш. Имтиҳон жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида тест ўтказилаётган бинога ва аудиторияга 30 дан ортиқ кузатув камералари, жараённи тўлиқ кузатиб бориш учун махсус айланма видеокамералар ўрнатилган бўлиб, тест жараёни видеокузатув остида ўтмоқда. Шунингдек, тест ўтказилаётган аудиториядаги ҳар бир қаторга алоҳида назоратчилар бириктирилган. Қолаверса, имтиҳон жараёнларини реал вақт давомида кузатиб бориш учун Меҳнат вазирлиги сайтида ОНЛАЙН намойиш узатилмоқда.