Кореяликлар Самарқандга маданий мерос объектларини ҳимояга олиш билан боғлиқ 500 га яқин китоб туҳфа қилди
Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги, Жанубий Корея Маданий мерос жамғармаси, Самарқанддаги олий таълим муассасалари ҳамда соҳа мутахассислари ҳамкорлигида вилоятдаги тарихий обидаларни асраб-авайлаш ва туризм марказига айлантириш бўйича ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Хусусан, Жанубий Кореянинг Маданий мерос жамғармаси томонидан ОДА (Official Development Assistance) дастури асосида 2022-2026 йилларга мўлжалланган “Самарқанд вилоятининг тарихий-маданий туризм салоҳиятини ошириш” лойиҳаси амалга ошириляпти.
Яқинда лойиҳа доирасида Самарқанд шаҳридаги "Афросиёб" музейининг реставрация ишлари учун 290 минг АҚШ долларидан зиёд маблағ ажратилди. Ушбу маблағга музейнинг биринчи қавати (исломгача бўлган давр Самарқанд тарихи) экспозицияси янгидан замонавий технологиялар билан жиҳозланди, кўргазмалар зали, видеозал ва йўлаклар янгиланди. Иккинчи қаватнинг шифти ва томи ҳам қайта таъмирланди.
Вилоятдаги моддий-маданий мерос обидаларини Корея тажрибаси асосида реставрация ва консервация қилиш, ўқитувчи ҳамда талабалар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Корея маданий мерос фонди томонидан “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетига 468 номдаги 500 га яқин китоб топширилди.
- Икки йилдан буён Самарқанд археология институти ҳамда “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ўқитувчи ва талабалари кореялик мутахассислар ҳамкорлигида Самарқанддаги маданий мерос объектларини реставрация қилиб келмоқда, - дейди Корея маданий меросдан фойдаланиш бошқармаси директори Чаэ Су Хи. – Ушбу ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида корейс ва инглиз тилларида чоп этилган илмий тўплам, қўлланма, монография ҳамда соҳага оид турли адабиётларни туризм университетига топширдик. Мазкур китоблар соҳа мутахассислари, қолаверса, талабалар учун туризмни ривожлантириш ва йўқолиб бораётган маданий мерос объектларини асраб қолишга хизмат қилади деган умиддамиз.
- Университетимизда 16 та бакалавриат таълим йўналиши ва 6 та магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланмоқда, - дейди “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетининг биринчи проректори Жўлибой Элтазаров. – Бакалавриат ва магистратура йўналишида 30 нафарга яқин талаба корейс тили ва маданиятини ўрганмоқда. Корея маданий мерос жамғармасининг “Самарқанд вилоятининг тарихий-маданий туризм салоҳиятини ошириш” лойиҳаси асосида беш йиллик ҳамкорлик шартномаси имзоланган бўлиб, туризмни ривожлантириш ва маданий мерос обидаларини ҳимоя қилиш бўйича талабаларимиз ҳар йили тажриба алмашяпти, биргаликда ишлаяпти. Кутубхонамиз фондига ушбу мамлакат тажрибасига асосланган янги илмий китобларнинг топширилиши ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлайди.