Кўркам шаҳарчада кўркам иншоотлар кўпайди
Қўшработ туманида «Обод қишлоқ» дастури асосида бунёд этилган яна кўплаб иншоотлар фойдаланишга топширилди.
Хусусан, Чиммос қишлоғида замонавий қиёфа касб этган ва зарур тиббий ускуналар билан таъминланган
«Чиммос» қишлоқ врачлик пункти бугундан шу ҳудуддаги 5101 нафар аҳолига хизмат қила бошлайди.
Шунингдек, Инвестиция дастури асосида 340 ўринга мўлжалланган 41-умумий ўрта таълим мактаби реконструкция қилиниб, замонавий кўринишга келтирилди.
Мактабнинг эски биноси 2013 йилда қурилиб, 160 ўринли бўлган. Ўқувчилар кўплиги ҳисобга олиниб, ўтган йили 180 ўринли қўшимча бино қурилди. Ҳозирги кунда мактабда 315 нафар ўқувчи таълим оляпти. Эски бинони таъмирлаш ва қўшимча бинони қуриш ишларига 6 миллиард 300 миллион сўм сарфланган.
Айниқса, бу ерда шаҳарлардагидан қолишмайдиган шароитлар яратилган, замонавий тикувчилик дастгоҳлари билан таъминланган «Samarqand baraka chevarlari» масъулияти чекланган жамиятининг фаолият бошлагани кўпчиликни қувонтирди.
- Шу пайтгача уйимда тикувчилик билан шуғулланиб келардим, - дейди Жўш қишлоғида яшовчи Гуласал Норбоева. - Энди ушбу замонавий корхонада иш бошладим. Бу ерда мен каби 100 нафарга яқин чеварлар ишлаяпти. Уларнинг ҳам мен каби қувончи чексиз.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов (фото).