Коронавирус инфекциясига чалинган самарқандлик бемор вафот этди
Самарқандлик фуқаро И. (эркак) шу йилнинг 14 май куни оғир аҳволда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилади. Ўтказилган диагностик таҳлиллардан сўнг беморда “COVID-19” инфекцияси ҳам аниқланган.
Шундан кейин беморга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Вирусология илмий-текшириш институти клиникасига ўтказилган. Бемор узоқ вақт давомида жигар циррози ташхиси билан даволаниб келган. Бундан ташқари, унда семизлик, анемиянинг оғир даражаси каби қатор ҳамроҳ касалликлар ҳам мавжуд бўлган.
Клиникада беморга мутахассислар томонидан белгиланган стандартлар асосида реанимацион ёрдам кўрсатилган. Вазирликнинг турли йўналишлари бўйича бош мутахассислари ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази мутахассислари томонидан телемедицина орқали консилиумлар ҳам ўтказилиб, доимий назорат таъминланган.
Бироқ кўрсатилган реанимацион муолажаларга қарамасдан, бемор юрак қон-томир ва ўткир нафас етишмовчилигидан вафот этган, деб хабар берди ССВ матбуот хизмати.