Коронавирус юқиш хавфи юқори бўлган атрофимиздаги “қайноқ нуқталар”

Бугун кўпчилигимиз учун коронавирус инфекциясидан ҳимояланиш масаласи долзарб. Ҳаракатлар чекланган ва уй шароитида ҳам касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган “қайноқ нуқталар” бор. Атрофимиздаги қайси жойлар эпидемиологик нуқтаи назардан энг хавфли ҳисобланади ва ўзимизни инфекциядан қандай ҳимоялаш ҳақида AiF.ru га тиббиёт фанлари номзоди, оториноларинголог Владимир Зайцев қуйидагиларни айтиб берди.

Бугун ҳамма ўз-ўзини изоляция қилиши, уйда ўтириши инфекция занжирини узишда ва тарқалишининг олдини олишда жуда муҳим. Аммо уйда бўлсак-да, эҳтиёж сабаб дўконга, чиқинди ташлашга, айримларимиз уй ҳайвонларини сайр қилдиришга чиқамиз. Шу вақтда вируснинг концентрацияси кўпроқ бўлиши мумкин бўлган жойлар мавжудлигини ёддан чиқармаслигимиз, ўзимизни эҳтиёт қилишимиз керак.

Чиқинди ташлаш учун кўчага чиққанда

Вирус зарралари бир муддат сиртда ва чангда сақланади. Шунинг учун чиқиндини олиб ташлаганингиздан сўнг, қўлингизни яхшилаб ювишингиз ва дезинфекция воситаларидан фойдаланишингиз керак.

Уй ҳайвонларини сайрга олиб чиққанда

Итлар ва уй ҳайвонлари билан юрганда касалликни юқтириш хавфи бироз кўпроқ. Биринчидан, уларни олиб чиққанда зинапоя ва эшик тутқичларига қўллари билан тез-тез тегиши мумкин. Иккинчидан ит вирусларни панжаларига ёпиштириши мумкин. Агар вирус зарралари асфальтдаги чангда бўлса, нафақат коронавирус балки бошқа касалликларни ҳам юқтириши эҳтимоли бор.

Уйга қайтгандан сўнг дастлаб қўлингизни санитар воситалар билан тозалаб, итингизни яхшилаб ювинтиринг, айниқса, панжаларини. Шундан сўнг қўлингизни ҳам совун ва сувда ювинг.

Ёқилғи қуйиш шохобчасида

Кўпчилик карантинда бўлишига қарамай, айрим корхоналар фаолиятини тўхтатган эмас. Шу сабабли махсус рухсатномага эга автоомобиллар ҳаракатланаяпти ва албатта, улар ёқилғи қуйиш шохобчасидан фойдаланяпти.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан машинангизни ёнилғи билан тўлдиргач, пулни кассага тўлагач, қўлларингизни антисептик воситалар билан тозаланг. Иложи борича, ишчилари бор ёнилғи шохобчаларидан фойдаланинг.

Савдо дўконлари

Савдо дўконлари энг кўп одамлар ташриф буюрадиган маскан. Уларнинг барчаси ҳам белгиланган меъёрларга, масофани сақлашга, талабларга риоя қилмайди.

Инфекция хавфини камайтириш учун дўконга ниқоб билан кириш, сават олишда қўлларни антисептик восита билан тозалаш лозим. Узоқ сақланадиган ва қадоқланган маҳсулотларга эътибор қаратинг.

Бугунги кунда иложи борича маҳсулотлар рўйхатини тузиб олиб, харидни тез амалга оширишга ҳаракат қилиш лозим. Иложи борича бир матораба харид қилганда бир неча кунга етадиган маҳсулотларни харид қилиш мақсадга мувофиқ. Харидга эркаклар боргани яхшироқ. Чунки улар кўп юк кўтаради. Бир марталик пакетлардан фойдаланишда ҳам иложи борича гигиена қоидаларга риоя қилинг.

Дорихоналар

Инфекция юқтириш хавфи юқори жойларган бири дорихоналар. Биринчидан, бу ерга аксарият саломатлигида шикояти бор одамлар киради. Улар ўзлари билмаган ҳолда турли касалликлар ташувчиси ҳамдир. Айримлар дорихона ходимидан тиббий маслаҳат сўрайди ва узоқ навбат ҳосил бўлишига сабабчи бўлади. Аксарият дорихоналарнинг савдо жойи кичик. Бу ерда масофани сақлаш қийин.

Шунинг учун ўзингизни ҳимоя қилиш учун дорихонага борганда ниқоб билан бирга бурун бўшлиғига антивирал малҳамлардан фойдаланинг. Дорихонага барча оладиган дориларингиз рўйхати билан боринг. Шунда одам кўп тўпланиб қолиши олди олинади. Иложи бўлса, одам кам бўлган ҳолатда дорихонага киринг. Кам одам – инфекция хавфи кам дегани. Кирганда ва чиққанда, албатта қўлингизни антисептик восита билан тозаланг.

Оддий гигиена қоидаларига эътиборли бўлиш, ташқарига чиққанда эҳтиёт чораларига риоя қилиш ўзингизни ва яқинларингиз саломатлигини асрашда жуда муҳим.