Коронавирусга чалинганларни ҳақорат қилиб, камситган шахс маъмурий жаримага тортилишига сабаб бўлади

Айрим шахслар карантиндан қайтган ёки касалликдан тузалган фуқароларни маънавий қўллаб-қувватлаш ўрнига уларга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, камситиш, шаъни ва обрўсига путур етказиш ёки уларни касалликни бошқаларга ҳам юқтиришида айблаш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Бу йўл қўйиб бўлмайдиган хатодир. Бу ҳақда "Ҳуқуқий ахборот" каналида маълум қилинди.

Конституциямизга кўра, ҳеч ким инсон қадр-қимматини камситувчи тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас. Ҳар бир фуқаро ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан қонун билан ҳимояланган.

Коронавирусдан тузалган ёки карантинда бўлган шахсни ҳақорат қилганлик, шаъни ва қадр-қимматига путур етказганлик, камситганлик, унинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни тарқатганлик учун 9 миллион сўмгача маъмурий жарима белгиланган.

Агар маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг ушбу қилмиш такроран содир этилса, айбдорга 22,3 миллион сўмгача жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари каби жиноий жазо қўлланилиши мумкин.

Бундан ташқари, фуқаронинг шахсий ҳаётига доир маълумотларни қонунга хилоф равишда ошкор қилиш оғир оқибатларга олиб келса, айбдор 44,6 миллион сўм жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ҳурматли ватандошлар, бугун давоси бўлмаган касалликни енгиб ўтиб оиласига қайтган шахснинг ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг.

Ахир, бу вирусдан ҳеч ким ҳимояланмаган-ку. Сиз ўша одамнинг ўрнида бўлсангиз ва Сизни бошқалар таҳқирлашса, ҳақорат қилишса ёки камситишса, қандай ҳолатга тушишингизни тасаввур қилиб кўринг ва хулоса қилинг.

Акс ҳолда, бундай ишни қилганлар қонун олдида муқаррар жавобгар бўлади.

Албатта, вирусни юқтирганлигини билиб туриб, уни бошқаларга қасддан юқтирган, карантин тартибини бузиб, бошқаларни хавф остига қўйган шахслар ҳам қонунда белгиланган жавобгарликка тортилиши муқаррар.

Шундай экан, фуқароларимиз аниқ ҳолатни билмасдан туриб, бошқаларни асоссиз айблашдан ўзларини тийиши лозим. Агар аниқ маълумотлар бўлса, тегишли органларга хабар қилиш вазиятни биргаликда енгишга хизмат қилади.

Бугунги қийин кунларда барча фуқароларимизни ҳар қачонгидан ҳам бирдамликда ҳаракат қилишга, бир-биримизга ҳурмат билан муносабатда бўлишга, айниқса, оғир аҳволга тушганларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга чақирамиз.

Зеро, мана шундай ҳамжиҳатлик бизни ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтишимизга асосий замин бўлади.