Коронавирусни аниқловчи 50 мингта тест тизими ишлаб чиқаришга тайёр
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технология маркази одамнинг коронавирус касаллигига чалингани ёки соғломлигини аниқлаб берувчи 50 мингта тест-тизимини ишлаб чиқаришга тайёр.
Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирининг матбуот котиби Назокат Абдуқундузова маълум қилди.
– Ҳозирги кунда амалда ишлатилаётган мавжуд тестлар фақат бир участка таҳлилига асосланган. Олимларнинг тест тизими COVID-19 вируси геномининг уч участкасининг полимерли занжирли реакция (ПЦР) усулидаги таҳлилга асосланган ва бу ўзбек олимлари томонидан ишлаб чиқилган тест системасининг алоҳида хусусиятидир.
Тест тизимларининг лаборатор ва клиник синовлари якунланди. Илғор технология маркази 50 мингта шундай тест тизимини ишлаб чиқаришга тайёр. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан мазкур тестдан фойдаланишга рухсат берилганидан сўнг уни тезкорлик билан ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, - деди Н.Абдуқундузова.