Коррупция - жамият танасидаги саратон

Шу йил 5 март куни давлатимиз раҳбари Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида коррупция ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ эканлигини таъкидлаб, мазкур иллатга “Жамият танасидаги саратон” сифатида қарашимиз лозимлигини уқтирди.
– Ҳаммамиз ягона куч бўлиб ҳаракат қилсак, албатта, катта ижобий самарага эришамиз. Шу боис маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар, санъат ва маданият ходимлари, тадбиркорлар, таниқли шахслар, раҳбарлар, депутат ва сенаторлар – умуман, бутун жамоатчилик бирлашиб, коррупцияга «жамият танасидаги саратон» сифатида қараши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ана шу йиғилишда 55 та аниқ мақсадга йўналтирилган ташаббуслар илгари сурилиб, улар доирасида 5 та қонун, 12 та фармон ва қарорлар ишлаб чиқилиши белгиланди. Коррупцияга қарши курашишда парламент, миллий ва ҳудудий кенгашлар, фуқаролик жамияти институтларини кенг сафарбар этишга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу борада халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига ҳам катта ишонч билдирилди.
Президентимиз парламент палаталари, маҳаллий кенгашлар, жамоатчилик вакиллари, маҳалла раислари, нуронийларни мазкур масалага бош-қош бўлиб, аҳоли орасида тушунтириш ишларини оширишга чақирди. Зеро, бу йўлда барча ягона куч бўлиб ҳаракат қилсагина ижобий самарага эришиш мумкин. Фикри тоза, коррупцияга тоқатсиз янги авлодни тарбиялаш мақсадида таълим масканларида ҳалоллик ғояларини сингдириш, уларни ташаббусларини қўллаб- қувватлаш борасида мунтазам тарғиботлар ўтказиш муҳимдир.
Коррупцияга қарши курашиш жараёни ҳеч қачон аниқ муддат билан чекланмайди. Ушбу масалада фақат давлат раҳбари ва ҳукуматни саъй-ҳаракати билан кутилган натижага эришиб бўлмайди. Бу бутун жамиятимизнинг иши, бугуни ва эртасига бефарқ бўлмаган юртдошларимизнинг виждон ишига айланмоғи керак.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ислоҳотларимиз натижадорлиги, аввало, садоқатли, фидойи ва коррупцияга тоқатсиз янги авлодга бевосита боғлиқ. Бу ишда фикри тоза ёш авлодни тарбиялаш устувор вазифага айланиши шарт. Шу мақсадда биз яқинда Паст Дарғом туманидаги 111-умумтаълим мактабида бўлиб, ёшларга коррупциянинг жамият тараққиёти учун катта ғов экани, ҳалоллик билан топилган даромад кишига ҳам, оилага ҳам, жамият ва мамлакатга ҳам барака келтиришини тушунтирдик. Бундай тадбирларни техникумлар, олий ўқув юртлари ҳамда бошқармамизга қарашли корхона-ташкилотларда ҳам мунтазам ўтказишни мақсад қилганмиз.
Коррупцияга қарши курашиш барчамизнинг умумий ишимиз ва маслагимизга айланмоғи даркор. Мазкур иллатга “жамият танасидаги саратон” сифатида қараган ҳолда унга қарши аёвсиз кураш олиб бориш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.
Шомурод Ўрозов, вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи.
Абдумалик Юсупов, бошқарма бош юристконсульти.