Коррупция – тараққиёт кушандаси. Унга қарши қандай курашяпмиз?
Самарқанд давлат университети академик лицейида “Таълим муассасаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг маънавий-маърифий асослари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари коррупциянинг асл моҳияти, унга олиб келувчи ҳолатлар, пора бериш, олиш ва воситачилик қилиш каби жиноятларнинг оғир оқибатлари хусусида сўз юритди.
– Коррупция, бу – жамиятни таназзулга олиб келадиган иллат, – дейди Самарқанд шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси Бобур Хуршидов. – Бу иллат давлатда қонун устуворлигига путур етказади. Қонун устувор бўлмаган жамиятда фуқаролар ҳуқуқлари бузилиши кўп учрайди. Коррупция одамлар хавфсизлигига таҳдид солади, жиноятчиликни келтириб чиқаради. Шунинг учун бу муаммоларнинг олдини олишда нафақат ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, балки ҳар бир фуқаро фаол иштирок этмоғи зарур.
Тадбир сўнгида “Коррупция – ҳалокатга йўл” ҳужжатли фильми намойиш этилди.
Б.САФАРОВ.