Коррупция ҳақида нималарни биласиз?

Жамиятда жиноий "хуфёна иқтисодиёт"нинг мавжуд бўлиши уюшган жиноятчиликни келтириб чиқаради. Давлат ҳокимияти тузилмаларининг турли бўғинлари ва турли даражалари вакиллари ҳам унинг йўлдан оздирувчи таъсирига тушиб қолади. Коррупция вужудга келиб, у энг аввало, уюшган жиноий тузилмаларга мададкор бўлиш ёки тўғридан-тўғри ёрдам бериш учун давлат хизматининг имкониятларидан фойдаланади. Бу эса жиноятчилик ва коррупция жамиятга келтирадиган салбий оқибатлар туфайли жамият хавфсизлиги ва барқарорлигига тўғридан-тўғри таҳдиддир.
Ислом КАРИМОВ.

Аҳолига хизмат кўрсатиш соҳаларида ўтириб олган амалдорлар фаолиятидаги отангга бор, онангга бор қабилидаги сансалорлик ҳолатига энди тоқат қилиб бўлмайди.
***
"Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак" деган принцип барча бўғиндаги раҳбарлар фаолиятида асосий қоидага айланиши керак.

Шавкат МИРЗИЁЕВ.


Ҳар қандай давлат тизимида қонунлар ва бошқа фармойишлар орқали ишни шундай ташкил қилиш керакки, унда мансабдор шахсларнинг ноқонуний йўл билан бойишига йўл қўймаслик лозим.
АРИСТОТЕЛЬ,
юнон файласуфи.

***
Асрлар тажрибасидан маълумки, ҳар қандай ҳокимият ваколатига эга бўлган шахс, уни суиистеъмол қилишга мойил бўлади ва у маълум бир мақсадга эришмагунча шу йўналишда юради.
Шарль МОНТЕСКЬЕ,
француз мутафаккири.

***
Коррупционерларни дўзахнинг энг қоронғу ва энг чуқур жойига ташлаш керак.
ДАНТЕнинг "Дўзах" асаридан.
***

Гуноҳ йўли билан бойлик орттириб, бунга қувонган кишининг қувончи – бахтсизликдан ҳам ёмон.
Очкўз киши билан бирга бўлма ва унга ҳукмронликни ишонма.
Ўз бойликларидан қониқмасдан фақат уни кўпайтириш тўғрисида ўйлайдиган бой қашшоқдир. Ўзида борига қувониб, уни кўпайтириш тўғрисида ўйламаган қашшоқ бойдир.
Очкўзлик – бу заруридан ортиғига эга бўлиш истагидир.
"АВЕСТО"дан.
***
Номусли кишида ҳалол яшаш истаги кучли бўлади.
Бенедикт СПИНОЗА,
голланд файласуфи.
***

Агар фирибгарлар ҳалолликнинг барча афзалликларини билишганида, улар ўз фойдалари учун ҳеч қачон муттаҳамлик қилмаган бўлар эдилар.
Бенжамин ФРАНКЛИН,
АҚШ давлат арбоби. 

***
Пора фақат ноҳақлигу золимларга ёрдам бергувчидир.
Маҳмуд аз-ЗАМАХШАРИЙ.
***

Халқ порахўр раҳбарнинг юзига тупуради. Лекин бу раҳбар билан халқнинг ўртасида ҳукумат столи бор. Баъзан тупук порахўрнинг юзига етиб бормай, ўша табаррук столга тушади.
Абдулла ҚАҲҲОР.

Биз қайси ҳолларда коррупцион ҳолатни кўришимиз мумкин?

1. Ношуд, нўноқ, яхши ўқимаган фарзандимизни юқори маошли ёки нуфузли идорага ишга қўйганимизда;
2. Қурилишдан хабари йўқ одам объект тендерида ютиб чиққанида;
3. Ташкилот раҳбари комиссия ёки текширувчини "тинчитиш" учун биздан пул  йиққанида;
4. Болалар боғчасида бир оиланинг камида уч нафар аъзоси ишлаганида;
5. Шифокор "хизмат ҳақи"ни олгачгина беморни операция қилишга кирганида;
6. Ем омборидан ферма моллари учун олаётган озуқанинг ҳар тоннасига 500 минг сўмдан нақд устама берганимизда;
6. Давлат хизматчиси тоғаси, жияни номига ресторан ёки дўкон қураётганида;
7. Бутун оила аъзолари: ота-она, ака-ука, қайнота-қайнона ҳуқуқ-тартибот идораларида масъул лавозимда ишлаганида;
8. Кадрлар танлаш ва тайинлашда ошкоралик бўлмаганида;
9. Юқори ташкилотга юборган аризамиз текшириш ва ўрганиш учун яна ўзимизнинг раҳбаримиз қўлига келиб тушса;
10. Фарзандимизни нуфузли мактабга пора эвазига жойлаштирсак;
11. Шикоят ёзган кишининг ўзининг фаолиятини текшириб кетишса;
12. Судда битта муаммо ёки низо иши беш-олти йиллаб қайта-қайта кўрилаверса.

Энди ўзингизга савол бериб кўринг: Сиз порахўр, порахўрнинг фарзанди, эри ёки хотини, умуман, қариндоши бўлишни истайсизми?