Корхонангизнинг спорт майдончаси борми?

Сарлавҳадаги мавзу бўйича сал кейинроқ. Гапимизни Челак шаҳридаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабидаги стадиондан бошласак. Яқинда мазкур стадионда бўлдим. Эрта тонг бўлишига қарамай ўйингоҳ 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган аёл ва эркаклар билан тўла. Бири югураётган бўлса, бири турник тортинаяпти, кўпчилик футбол ўйнаяпти. Буни кўрган киши «мана, жисмоний фаоллик, мана соғлом турмуш тарзи» дейиши аниқ.

Буни бекорга келтирмаяпман. Бундай ҳолат бошқа жойларда ҳам мавжудми? Иш юзасидан кўп жойларда бўламиз. Югуриш уёқда турсин,  ўйингоҳлар қаровсизликдан бегона ўт босган. Бунинг устига чорва моллари дарвозаларга боғланган. Буни қандай тушуниш мумкин? Бизга стадион қуриб беринг, деб эшикма-эшик юрганлар қанча? Нега боридан фойдаланмаймиз? Челак шаҳридаги стадионда эрта тонгдан кекса отахонларнинг югуриши зарилми? Улар биров учун эмас, ўзининг соғлиғи учун жон куйдиришаяпти-ку!?

Агар кўчамизда ёши каттароқ киши югурадиган бўлса, унинг устидан кулиш бўлса, қойиллатамиз – “фалончи қариганда сал анақароқ бўлиб қолибди...”. Бу нима деган гап ахир? Бизнинг хатомиз қаерда ўзи? Нега унга фарзандимизни қўшмаймиз, ўзимизни-чи? Ахир соғлик биринчи ўринда ўзимизга керак эмасми?

Ўтган куни Президент раҳбарлигида ўтган видеоселектор мажлисида аҳолини оммавий спортга кенг жалб қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Йиғилишда таъкидландики, бугунги кунда аҳолимизнинг бор-йўғи 19 фоизи жисмоний тарбия ва спорт билан қамраб олинган. Аксинча, носоғлом турмуш тарзи, таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори кўп бўлган ҳамда хамирли таом ва нонни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш ҳолатлари кўп учрайди. Коронавирус инфекцияси аввало, юрак-қон томир, нафас йўллари касаллигига чалинган, ортиқча вазнли фуқароларда оғир кечгани ҳаммага маълум. Бу ҳам соғлом турмуш тарзи ва спортнинг аҳамиятини яна бир бор яққол кўрсатди.

Ана энди мавзумизга тўхталсак. Корхонангиз ёки ташкилотингизнинг спорт майдончаси борми деб савол бериб қолса, нима деб жавоб берамиз? Ҳаммамиз бир-биримизга қараб елка қисамиз. “Ўзи шу етмай турувди, буёғи нима бўлади энди”, деб қўямиз.

Ташкилотда спорт майдончаси ёки спорт хонаси қуриш шунчалик қийинми? Ҳамма ташкилотнинг олдида етарлича жой, хонаси мавжуд. Озгина жойни спорт майдончаси қилиб қўйса, нур устига нур бўлмайдими? Бу майдончада бегоналар бориб ўйнамайди-ку?! Ходимлар бўш вақтларида бироз шуғулланишади, холос. Бунинг нимаси ёмон? Мана кўрдик, тунов кунги ташкилотлар ўртасидаги футбол мусобақасини. Худди осмондан тушгандай тўп тепдик. Агар ташкилотнинг спорт майдончаси бўлганида эди мусобақа бундан ҳам шиддатлироқ бўларди.

Хулоса ўрнида шуни айтмоқчимизки, ҳозир бировга ундай қил, бундай қил дейишнинг ўзи нотўғри. Гап соғлом турмуш тарзи ҳақида кетаётган экан, ҳамма бу ҳақда етарлича билимга ва салоҳиятга эга. Фақат амалда бошлаш керак. Демак, бу бизнинг қўлимиздан келади.

Ҳусниддин ХОЛДОРОВ.