“Кўзни қамаштирадиган мадраса”: Буюк Британияда Регистондаги Тиллакори мадрасаси ҳақида мақола чоп этилди

Британиядаги «Dorling Kindersley» халқаро нашриёти сайёҳлар учун мўлжалланган “Яхшиси бу ёққа келинг” сайёҳлик қўлланмасини чоп этди.

Ушбу қўлланмада Ўзбекистон сайёҳлик брендининг Буюк Британиядаги элчиси Софи Ибботсоннинг машҳур Регистон майдонида жойлашган ва ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатидан жой олган Самарқанднинг учта рамзий диний ва меъморий ёдгорликларидан бири -  Тиллакори мадрасаси ҳақидаги мақоласи ҳам ўрин олган.

Муаллиф Тиллакори мадрасасини Ватикандаги Авлиё Пётр соборига муқобил бўлган тарихий ёдгорлик сифатида таърифлаган. Шу билан бирга, у "агар гап мутлақ ҳашамат ҳақида кетар экан, кўзни қамаштирадиган бу мадраса собордан устунликка эгадир", деб ёзади.

Мақолада 17 асрнинг ўрталарида ҳарбий қўмондон Алчин Ялангтуш Баҳодир томонидан бунёд этилган Тиллакори мадрасасининг тарихи ва ўзига хослиги ҳақидаги батафсил маълумотлар ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган. Ушбу бетакрор меъморий обида нега бундай номланиши, у нега барча саёҳатчилар эътиборини тортиши, унинг ноёб дизайни ва бошқа барча муҳим тарихий маълумотлар ушбу мақолада ўз ифодасини топган, дея хабар  деради “Дунё” ахборот агентлиги.