Кредит оғир, ўғит нархи қиммат, узлуксиз газ таъминоти йўқ

Бугунги кунда республикада 5,1 минг гектар иссиқхоналар мавжуд бўлиб, сўнгги етти йилда уларда етиштириладиган маҳсулот ҳажми 110 минг тоннадан 546 минг тоннага кўпайди.
Лекин, тадбиркорлар кредит оғирлиги, ўғит нархи қимматлиги, узлуксиз газ таъминоти йўқлигини айтмоқда. Масалан, 600 гектардан ортиқ майдондаги иссиқхона фаолиятини тўхтатган, 128 гектари қарздорлик сабабли банк балансига ўтган.
Шу боис иссиқхона хўжаликлари қўллаб-қувватланади. Эндиликда:
- ички бозор билан бир қаторда экспортга ҳам маҳсулот етиштириш мажбуриятини олган, табиий газда ишлаётган иссиқхоналарга қишки мавсумда газ кафолатли ҳажмда берилади;
- кўмир ёки бошқа муқобил иситиш тизимида ишлаётган ҳамда экспорт мажбуриятини олган иссиқхоналарга ҳам табиий газга қайтиш имкони берилади;
- айланма маблағ етарли бўлиши учун олдиндан тўлов октябрь-март ойларига 50 фоиз қилиб белгиланади. Бунда, иссиқхоналар газ корхоналари билан 1 октябргача шартнома имзолайди;
- табиий газдан кўмир ёки бошқа муқобил иситиш тизимига ўтган иссиқхоналарга ажратилган кредит муддати узайтириб берилади;
- иссиқлик насослари технологияларида ишлайдиган иссиқхона ташкил қилганларга харажатларнинг 20 фоизгача қисми, бу ишлар кредит ҳисобидан бўлса, кредит ставкасини 4 фоизи қоплаб берилади.