Кредит тарихи бизга қандай қулайлик яратади?
2020 йил 12 майда Президентимизнинг “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги фармони қабул қилинганди. Ушбу фармонда банк тизимида рақобатни кучайтириш мақсадида кредитлашни бозор муносабатлари асосида ташкил этиш, банк секторида давлат ҳиссасини камайтириш ва бошқа кредит ташкилотларини яратиш, 6 та банкни халқаро молия институтлари ёрдамида хусусийлаштириш режалаштирилган.
Хўш, бунда қандай ижобий ўзгаришлар бўлади?
Банк тизими ислоҳоти даврида инвестицион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш механизми ишлаб чиқилади. Нодавлат банклар ҳиссаси ҳозирги 15 фоиздан 2025 йилгача 60 фоизгача етказилади, нодавлат кредит ташкилотларининг ҳиссаси эса ҳозирги 0,35 фоиздан 4 фоизгача кўтарилади.
Ҳозирда Ўзбекистон ижтимоий йўналишдаги бозор муносабатларини кўпроқ шакллантириб бормоқда. Қолаверса, ўтган йили мамлакатимизда 4,2 миллиард доллар миқдорида хорижий сармоя жалб этилди ва инвестициянинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 37 фоизга етказилди, ишлаб чиқариш ҳажми анча кенгайди. Натижада, 2019 йилда мамлакатимизда иқтисодий ўсиш 2018 йилга нисбаттан 5,6 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6,6 фоизга, экспорт улуши 28 фоизга кўпайди. Мамлакатимиз илк бор халқаро кредит рейтингини олиб, жаҳон молия бозорида 1 миллиард АҚШ долларлик облигацияларни жойлаштирди ва кредитга доир таваккалчилик рейтинги охирги 10 йилда биринчи марта яхшиланди. Давлатимизнинг тўлов қобилияти A.M. Best, Dun & Broadstreet, Standard & Poor’s, Moody’s ва Fitch Ratings рейтинг агентликлари томонидан ҳам эътироф этилди.
Жумладан, дунёда нуфузли бўлган Fitch Ratings рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг суверен рейтингини “ВВ” (барқарор) даражасида сақлаб қолди.
Жорий йил эса банк тизимида рақамли технологияларни қўллаш орқали янги банк маҳсулотлари татбиқ этилади ва 1 июлгача кредит тарихи ахборот тизими ишга туширилади. Бу билан кредит тарихи бюролари сони оширилади, улар янада юқори савияга кўтарилади, кейинги қадамда эса кредит истеъмолчисининг тарихи яхшиланади.
Кредит тарихи ўзи нима?
Мисол учун, бир лойиҳа учун маблағ ажратилди. Уни бир хил шароитга эга бир нечта мижоздан қай бирига бериш керак? Бу саволга жавоб бериш учун ҳар бир жисмоний ва юридик шахс учун кредит тарихини яратиш лозим. Кредит тарихини яратишдан мақсад истеъмолчининг қарз олиш қобилиятини яхшилаш, рақобат муҳитини кучайтириш асосида кредитга эгалик қилиш имкониятини оширишдир. Шу билан бирга кредиторга истеъмолчи қарзини қайтариб бериш, қарзни тўлаб бериш ҳисоботи, тўлов қобилияти каби маълумотларга эга бўлади.
Истеъмолчининг кредит тарихи қарз ҳисобининг миқдори, сони, ҳар-бир ҳисобнинг очилган санаси, қарздорлик, кредитнинг ишлатилиши, қарзларнинг тўланиши, кредит берувчиларнинг охирги суриштирувлари сони ва ҳоказо. Кредит тарихида истеъмолчининг банкротлиги, суд қарорлари ва мажбурий тўловлар каби маълумотларни ҳам акс эттириб боради. Кредитор истеъмолчи тўғрисида барча маълумотга эга бўлганда мижознинг кредит риски аниқланади ва шунга қараб кредитнинг йиллик фоиз ставкасини белгилайди.
Одатда кредиторлар истеъмолчининг кредит тўлаш қобилиятини скорингга қараб баҳолайдилар. Мамлакатимизда ҳам кредит тарихини қўллашда кредит скорингига ёндашиш зарур. Чунки ипотека кредиторлари ва компаниялар, кредит берувчилар, ҳар бир истеъмолчини кредит скорингига қараб, қарз бериш ёки бермаслик борасида хулоса қилади. Кредит тарихидаги маълумотлар асосида кредит скоринги ёки FICO баллари ҳисобланади. Масалан, FICO баллари АҚШ, Канада ва Мексикада кенг қўлланилиб, у 300 дан 850 балгача баҳоланади.
FICO шкаласи бўйича 100 баллик кредит рейтингини ҳисоблашда;
- 35 фоиз тўловлар тарихи. Салбий маълумотлар рейтингини пасайтиради.
- 30 фоиз қарздорлик коэффициенти. Бу кўрсаткич қарзнинг умумий кредитга нисбати билан ҳисобланади.
- 15 фоиз файлдаги вақт. Истеъмолчининг кредит ҳисоботлари қанча кўп йиллик тарихга эга бўлса, у шунча барқарордир. Ўртача вақт ҳар бир кредит ҳисоботини очиш ва ёпиш даври билан ҳисобланади.
- 10 фоиз аккаунтларнинг хилма-хиллиги (кредитни чўзиш, ипотека, автокредит карталари ва бошқалар)ни истеъмолчи томонидан қопланиб бориши.
- 10 фоиз янги кредитни қидириш. Одатда кредиторлар томонидан истеъмолчи тўғрисидаги маълумотлар назарда тутилади.
Ушбу муаммони назарий ва амалий жиҳатдан ўрганиб, ҳар бир жисмоний ва юридик шахснинг кредит тарихини юритувчи холисона агентлик очиш зарур. Юридик шахснинг тўлов қобилиятини махсус сайтда очиқ эълон қилиб шаффофлигини таъминлаш керак. Шунга қараб харидор ўша компаниянинг акциясини сотиб олади ёки қайтариб беради.
Иқтисодиётни рақамлаштириш шароитида кредит рейтинги ва кредит тарихини жорий этиш кредиторлар ва истеъмолчилар ўртасидаги муносабатни осонлаштиради, шаффофликни таъминлаб, молия муносабатларининг самарадорлиги ошишига олиб келади.
Ахтам НИЗАМОВ,
СамДУ иқтисодиёт ва бизнес факультети доценти.
Акмал СОБИРОВ,
“Буюк Келажак” ХННТ эксперти, Жонсон ва Уэлс университети (АҚШ) магистри.