Круиз кемасидаги ҳаёт: Америкалик 13 йилдан бери кемани тарк этмайди
Чет давлатлардаги аксарият одамлар нафақага чиққач, кексалик гаштини суришни максимал қулайликлар билан тартибга солишга ҳаракат қилишади – улар шаҳар тутуни ва шовқинидан узоқроқда жойлашган қишлоқларда уй сотиб олади, фарзандлари ва невараларига яқинроқ бўлишга ёки у ерларда оддий ҳол саналмиш тиббиёт ходимлари ва яшаш учун барча шароитлари мавжуд бўлган қариялар уйларини излашга ҳаракат қилишади.
Қандай бўлмасин, кўпчилик нафақахўрлар муқим турмуш тарзини афзал кўришади.
Лекин америкалик Мортон Жаблин улардан бири эмаслиги аниқ – у 13 йилдан бери океан бўйлаб ўзининг ҳақиқий уйига айланишга улгурган круиз кемасида сайр қилади.
Жаблин Американинг Бруклинида туғилган, у Иккинчи жаҳон урушида қатнашган, уйланган, икки ўғилни тарбиялаган, ўзининг тўр ишлаб чиқариш корхонасини қурган ва шаҳар четидаги уйга эгалик қилган. Бир қарашда Жаблинлар оиласида фаровон ҳаёт кечириш учун ҳамма нарса етарли, оила бошлиғидан фақат неваралари ўсиб улғайишидан баҳраманд бўлиб, кексалик гаштини суриш талаб қилинарди.
Эҳтимол, шундай бўлар эди, лекин Мортонинг рафиқаси Шарлотанинг ўлими ҳамма нарсани ўзгартирди. Турмуш ўртоғисиз уй ҳувиллаб қолди, эркак бу йўқотишни енгиши керак эди.
Эр-хотин сайр кемаларида саёҳат қилишни жуда яхши кўрган, шунинг учун Мортон рафиқаси хотирасига кемага кўчиб ўтишга қарор қилди, у Seven Sears Navigator кемасига кўчиб ўтди ва у ерда 13 йилдан бери яшаб келмоқда. Бу ғайриоддий ҳаракатидан олдин, нафақахўр ўзининг эрмагини амалга оширишга қанча пул сарфлаш керак бўлишини ҳисоблаб чиқди. Кемада бундай узоқ вақт қолиш учун Мортон ўзининг тўр фабрикасини сотди, маблағни депозит ҳисобига қўйди, у турар жойи тўловини фоизлардан тўлаб келади.
Кемада Жаблин ўзини ёлғиз ҳис қилмайди. 94 ёшли Мортон ҳар доим қувноқ ёшлар, тиббиёт ва хизматчи ходимлар қуршовида яшайди. У камдан-кам ҳолларда фақат ўғиллари билан учрашиш учун Майами қирғоғига чиқади. Узоқ вақт давомида лайнернинг ошпазлари Мортоннинг барча севимли таомларини ўрганишган, ҳатто ресторанда унинг алоҳида столи ҳам бор. Шифокорлар ҳам бу ёшдаги одамлар учун муҳим бўлгани сабабли Жаблинга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиб туришади.
Жаноб Жаблин денгиз ҳавоси, илиқ иқлим ва қуёш ванналари туфайли ҳавас қилса арзигулик соғлиғи билан ажралиб туради ва шифокорларга тез-тез мурожаат қилмайди.
Мортон Seven Sears Navigator экипаж аъзоларини ўзининг иккинчи оиласи деб ҳисоблайди, ўз ўрнида кема аъзолари эса Жаблинни кеманинг ўзига хос тирик тумори деб билишади.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.