Куч – адолатда
Бу идораларда йил бошидан буён ўз муаммолари, дарду ташвишлари, шикоят ва арзлари билан остона ҳатлаган аҳолининг минглаб мурожаатлари ўрганилди. Қанчалаб инсонларнинг ҳуқуқлари тикланди, уйсизлар уйли, ишсизлар ишли бўлди. Халқ қабулхоналари мутахассислари мурожаат қай мазмунда бўлмасин, синчиклаб ўрганишди, зарур жойда тегишли тавсиялар, тушунтиришлар берилди. Ҳатто уришган опа-сингилларни яраштиришга ҳам тўғри келди.
– Мурожаат қилувчилар орасида турмуш ўртоғи, қайнонаси, келини, қўшнисидан шикоят қилиб келаётганлар ҳам бор, – дейди «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг вилоят Халқ қабулхонасидаги вакили Диловар Раҳимова. – Маҳалла вакиллари томонидан кўриб чиқиладиган мурожаатларнинг катта қисми оилавий можаролар билан боғлиқ. Албатта, бу масалаларга ечим топиш ҳар доим ҳам осон кечмайди. Чунки оилада, маҳалланинг ўзида ҳал бўлмаганлиги учун кишилар Халқ қабулхонасига мурожаат қилишади. Аммо маҳалласи хабардор эмас, тўғридан-тўғри бу ерга келаётганлар ҳам кўпчилик.
Оилавий можаролар билан боғлиқ мурожаатлар илдизини суриштирсак, эрнинг муқим иш жойи йўқлиги, ичкиликка берилгани сабабли жанжал келиб чиқаётгани, қайнана келини билан, келин эса қайнана билан низолашаётгани маълум бўлади.
Нуробод тумани, Жом қишлоғидан арз билан келган 35 ёшли жувон ичкилик туфайли оилада ҳар кун жанжал бўлиши, бу масалага қандай ечим топишни билмаётганини айтади. «2 яшар болам бор, яна фарзанд кутяпман. Лекин ҳалигача қайнанамнинг кўнглини ололмадим, яшагани қўймайди», дейди Ургут туманидан мурожаат қилган С. исмли фуқаро. Бундай мазмундаги мурожаатлар анчагина.
Вилоятда иш олиб бораётган Халқ қабулхоналарига 2017 йилнинг 15 декабрига қадар 32 625 мурожаат келиб тушди. 20 565 ёзма мурожаат тегишли ташкилотлар орқали ўрганилган бўлса, 12 060 оғзаки мурожаатга Халқ қабулхоналарининг ўзида ҳуқуқий маслаҳатлар, тушунтиришлар берилди. Мурожаатларнинг асосий қисми уй-жой, ер масаласи, газ, электр энергияси таъминоти, коммунал тўловларни ҳисоблаш, иш билан таъминлаш, моддий ёрдам масалаларида келиб тушган. Туман ва шаҳарлар кесимида олиб қарайдиган бўлсак, энг кўп мурожаат Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари, Паст Дарғом, Қўшработ, Пахтачи, Нуробод, Иштихон туманларидаги Халқ қабулхоналарида қайд этилган.
Туман Халқ қабулхоналарига бўлаётган мурожаатларнинг асосий қисмини коммунал тўловлар, иш билан таъминлаш, уй-жой, ер масаласи, алимент ундириш ва моддий ёрдам масалалари ташкил этади. Аҳолини табиий газ ва электр энергияси билан таъминлашдаги муаммолар бир қадар ечимини топган бўлса-да, нореал қарздорлик ҳақида шикоятлар кўп. Тарғибот ишлари олиб борилаётганига қарамай, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлик даражаси етарли деб бўлмайди.
Масалан, Каттақўрғон шаҳрида яшовчи Г.Раззоқова вилоят Халқ қабулхонасига такрор мурожаат қилаётганлардан. Аёл маҳалла вакиллари қизи билан куёвининг ажрашиб кетишига жим қараб туришганидан норози. Унинг арзи шундай – маҳалла раисига чора кўрилиши керак. Ваҳоланки, маҳалла вакиллари ёшларнинг оиласини сақлаб қолишга ҳаракат қилган. Қизининг турмуши бузилган онани ҳам тушуниш мумкиндир, лекин унинг талабини тўғри деб бўлмайди.
Қуйидаги мурожаат кўпчилик оналарнинг юрагини ларзага солса ажаб эмас. Турмушидан ажрашган аёл гўдакларини болалар уйига топширишда ёрдам сўраб Халқ қабулхонасига мурожаат қилади. Фарзандлари учун етарли миқдорда алимент пулини олиб турса-да, у чет давлатда ишлаб, пул топмоқчи. Гўдаклари тақдирини эса осонгина ҳал қилмоқчи бўлибди. Фарзандини болалар уйига топшириш учун у оналик ҳуқуқидан маҳрум этилиши керак. Болаларнинг отаси-чи, тирик бўлатуриб, бунга жим қараб турармикан? Отасиз, онасиз, йўлга термулиб ўтирган болалар оз дейсизми?