Кундалик йод миқдорини таъминлашда ош тузи энг самарали восита

Вилоят Матбуот уйида «Йод танқислиги ҳолатларининг олдини олиш ойлиги» муносабати билан журналистлар учун ўтказилган брифингда шу ҳақда сўз юритилди.

Вилоят эндокринология диспансери врачи Н.Файзиеванинг айтишича, вилоятимизда 36541 нафар бемор бўқоқ касаллиги билан рўйхатда туради. Уларнинг 29858 нафарини аёллар ташкил этади. Йод организмга энг керакли элементлардан бири бўлиб, унинг етишмаслиги хотиранинг ёмонлашувига, ақлий ривожланишнинг 20 фоизгача пасайишига, марказий асаб тизими фаолиятининг бузилишига олиб келади.

- Аҳоли орасида йод танқислиги ҳолатини олдини олишнинг энг арзон ва самарали усули ош тузини йодлаш ҳисобланади, - дейди вилоят эндокринолигия диспансери бош врачи Гулзода Негматова. – Ҳар бир оилада ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан қатъий назар ош тузи ишлатилади. 5 грамм ош тузи истеъмол қилиш орқали 100-150 м.кг йод организмга қабул қилинади. Шу ўринда ош тузи танлашда ҳам эҳтиёт бўлишни сўрардим. Чунки олиб борган текширишлар шуни кўрсатдики, айрим биз фойдаланадиган ош тузлари етарли миқдорда йодланмаган. Уларни харид қилишда яроқлилик муддатига аҳамият қаратиш лозим.

Бошқа маҳсулотларда ҳам маълум миқдорда йод элементи бор. Аммо кундалик меъёрни сақлаш учун 3600 грамм хурмо, 2560 грамм балиқ, 4800 грамм мол гўштини бир кунда истеъмол қила олмаймиз.

2019-2021 йилларда республика аҳолисига эндокринология ёрдами кўрсатишни такомиллаштириш миллий дастурига кўра, вилоятимизда мавжуд 78 та мутахассислар сонини кўпайтириш, уларнинг малакасини ошириш, Нуробод, Қўшработ туманларида етишмаётган кадрлар ўрнини тўлдириш устида иш олиб бораяпмиз. Вилоятимизнинг аҳоли кўп Ургут, Пайариқ, Нуробод туманларида йод етишмовчилиги ҳолатлари кўп учрайди. Шунинг учун аҳоли ўртасида тарғибот ишларини жадал олиб боришни, малакали эндокринологлар билан таъминлашни режалаштирганмиз.

Насиба Жонтўраева.