“Kundalik.com” қулайми ёки синф журнали?

Сиз нима дейсиз?

Мактабда ўқиган пайтларимиз ўтиладиган фанлар номи кундалигимизда ёзиларди. Ўқитувчи дарсни сўраб, олдин синф журналига кейин кундалик дафтаримизга баҳо қўярди. Ота-онамиз ҳам шу кундалик орқали дарсларда олган баҳоларимизни назорат қилиб борарди. Аммо “Kundalik.com” рақамли таълим платформаси яратилгандан сўнг қоғоз шаклидаги журнал ва кундалик дафтари бекор бўлди. Вилоятимизда янги ўқув йилидан давлат тасарруфидаги барча умумий ўрта таълим мактаблари ушбу платформага уланди.

Хўш, “Kundalik.com” қандай тизим, унинг синф журналидан қулайлиги нимада, умуман, ўқитувчи ва ота-оналар бу ҳақда нима дейди?

“Kundalik.com” ўқитувчилар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари учун рақамли таълим платформасидир. Тизим педагогларга онлайн режимида автоматлаштирилган тартибда дарс жадвалларини, ҳар бир дарс бўйича режалар тузиш, журнал ва кундаликнинг электрон шаклларида дарсларга қатнашишни кузатиш ва ўзлаштиришини ҳисоблаб бориш, таълим ташкилоти ва таълим органлари учун статистик ҳисоботларни шакллантириш имконини беради.

Вилоятдаги барча умумий ўрта таълим мактаблари тўлиқ сунъий оптик толали интернетга уланган бўлса-да, ўқитувчиларнинг аксарияти “Kundalik.com” электрон тизимидан фойдаланишда қийинчиликка дуч келяпти.

- Каттақўрғон туманининг олис қишлоқларидаги мактабларнинг бирида она тили ва адабиёт фанидан дарс бераман, - дейди ўртоғим. – Мактабимиз жорий йил сентябрь ойидан “Kundalik.com” электрон тизимига уланди. Интернет тармоғи ҳам тортилиб, платформага кириш имконияти яратилди. Лекин интернет тезлига паст, электр энергиясининг ҳам вақти-вақти билан ўчиши кузатилади. Шу боис, “Kundalik.com” платформасига дарс вақтида кириб, баҳо қўйишнинг имкони бўлмаяпти. Ўз вақтида ўқувчиларни баҳоламаслик ва журнал юритмаслик натижасида фоиз кўрсаткичи тушиб кетмоқда.

- 30 йилдан буён мактабда дарс бераман, - дейди ургутлик фахрий ўқитувчи. - “Kundalik.com” платформаси иш режа ва дарс соатининг тўғри келиши, баҳоларни ҳисоблаш ва чоракликларни чиқаришда қулай. Бироқ дарсда кўп вақтимиз телефонга  қараш билан ўтмоқда. Натижада ўқувчиларга янги мавзуни тушунтириш ва амалий машғулот ўтиш жараёнига улгурмаяпмиз.

Олдин синф журналида ўқувчига баҳо қўйилса, ўзгартирилмас эди. Борди-ю, ўзгартирилса ҳам бу журналда билинарди. Лекин “Kundalik.com” да баҳоларни хоҳлаганча ўзгартириш мумкин. Хўп, бу ҳам майли. Ота-оналар фарзандларининг дарсда олаётган баҳоларини қандай назорат қиляпти?

- Фарзандларим 7- ва 9-синфларда ўқийди, - дейди қўшработлик бир танишим. - Олдин уларнинг дарсда олган баҳосини кундалигидан кўрардик, ҳозир интернет билан ишлайдиган электрон платформага ўтибди. Биз ҳам ўша тизимга уланиб, болаларимизнинг баҳосини назорат қилсак бўлади. Бироқ қишлоғимизда интернет ишламайди. Шу боис фарзандларимнинг ўқитувчилари билан боғланиб турибмиз.

Таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақтаса арзигулик жиҳатлари кўп. Масалан, янги қурилган мактаблар, замонавий технологиялар, ўқитувчи-педагогларга яратиб берилган имкониятлару рағбатлантиришлар ҳақида кўп гапириш мумкин. Бироқ таълим тизимида оғриқли жиҳатларимиз, камчилик ва заиф томонларимиз ҳам борки, буни инкор этиб бўлмайди. Соҳада янгилик қилишдан аввал ҳар бир ҳудуднинг имконияти ҳисобга олиниб, муаммолар бартараф этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.