Тегирмонбошидаги эски масжид энди бой китоб фондига эга кутубхона

Илм бор жойда китоб кўпаяди. Китоб бор жойда илм ривожланади. Китоблар ва уларга бўлган муносабат ўша жамият аъзоларининг илмига бўлган муносабатининг ўлчови бўлиб келган. Бугун нурободлик ёшларнинг ҳаётида бу ўз аксини топяпти.

2018 йил туманнинг Тегирмонбоши маҳалласида 100 йил аввал қурилган эски масжид биноси таъмирланиб, ёшлар кутубхонасига айлантирилган эди. Бу хайрли ишга шу ерлик кекса онахон Адолат Тоғаева бош бўлди. Бугун ушбу зиё маскани китобхонларнинг севимли манзилига айланган.

- Кутубхонамизда туман ҳокимлиги, ёшлар ишлари агентлиги ҳамда ҳомийлар томонидан тақдим қилинган 2 мингдан кўпроқ китоб бор эди, - дейди кутубхоначи Олия Ёқубова. - Бир ой аввал вилоят ҳокими қўшни Омондара маҳалласига келганда, фаолиятимиз билан ҳам танишди. Қишлоқ ёшларининг келажаги учун қилинган хайрли ишимизни эътироф этиб, 5 мингта китоб совға қилишни ваъда берди. Тез фурсатда ушбу бадиий адабиётлар китоб жавонлари билан бирга келтирилди.

Кутубхонага Тегирмонбоши, Жом ва Омондара маҳаллаларидан китобсеварлар келади. Эътиборлиси, бу ердаги 20 ўрин доим мактаб ўқувчилари ва ёши катта китобхонлар билан банд.

- Китобхонларимиз асосан ўқувчилар, ёши улуғ отахон ва онахонлар, - дейди Олия опа. – Фондимизнинг турли мавзулардаги адабиётлар билан бойиши китобхонларнинг кўпайишига туртки бўлди. Аммо қишда улар бироз камаяди. Сабаби, бинонинг иситиш тизими йўқ. Бу муаммо туман ҳокимлиги томонидан бартараф этиладиган бўлди. Туманимиз ҳокими ўқув залини қишда иситиш, ёзда салқинлатиш учун кондиционер ўрнатиб берилишини айтди.

Кутубхона шинам ва озода. Ўқувчилар китобларни жавондан ўзлари олиб ўқишяпти. Керакли китобни осон топиш учун мавзули кўрсаткичлар қўйилган. Мактаб ўқувчилари дарсдан бўш вақтини шу ерда мазмунли ўтказяпти. Ёзги таътилда ҳам уларнинг борар манзили шу.

- Мактабда дарслар тугаши билан кутубхонага келаман, - дейди 21-мактаб ўқувчиси Маҳлиё Вафоқулова. – Юртимиз тарихини билишга қизиқаман. Шу боис тарихий адабиётларни кўп ўқийман. Бугун ёзувчи Миркарим Осимнинг “Зулмат ичра нур” қиссасини мутолаа қиляпман. Аввал адабиётлар кам эди. Ҳозир эса барча мавзулардаги китоблар мавжуд. Билим олишимиз учун қишлоғимизда бундай имконият яратилганидан миннатдормиз.

Китоб тафаккур, ахлоқ ва тарбия манбаи, унинг инсон камолоти йўлида беқиёс ўрни бор. Бу мўъжаз кутубхона ҳам нурободлик ёшларнинг келажагида муҳим ўрин тутиши шубҳасиз.

Сулаймон Мардиев,

Тўлқин Сиддиқов.