Куз илҳомлари

Маҳзунлик юкини қалбга ортар куз,
Қаҳрабо либосин кийган булутлар.
Тераклар япроқсиз ғариб, бенуфуз,
Шохлари ҳурпайган жайрадек тутлар.

Мунғайиб кўз тикар қуриган ирмоқ, –
Жар – туман йўлида ётган катта чоҳ.
Ёмғирда жилғага айланган сўқмоқ
Тош йўлдан юришни этади огоҳ.

Азобдан қораяр намозшомгуллар
Бераҳм қировнинг совуқ нишидан.
Тинимсиз тўзғийди хиёбон, йўллар
Бева хазонларнинг намойишидан.

Сўққабош чол каби хомуш тортар кун,
Оташдан мосуво қуёшнинг нури.
Фиғон – хазонлардан бурқсиган тутун, –
Секин қуриб борар кўзакнинг шўри.

Маҳзунлик юракни узоқ этмас тарк,
Алвидо – қалбимда инграб ётган сўз.
Тош қотган теракда титрар битта барг, –
Сўнгги бор қўл силкиб турган каби куз.
Хуршид Нуруллаев.