Лаб бўёғи учун жанг

Ижтимоий тадқиқотларга кўра, лаб бўёғи дунёдаги энг кўп тарқалган пардоз воситаси ҳисобланади. У XVI аср бошларида пайдо бўлган экан. Уни памада деб аталиши эса француз кардинали Ришелье номи билан боғлиқ.

Александр Дюманинг «Уч мушкетёр» романида ёзилишича, бир куни кардиналнинг буйруғи билан фармацевтлар махсус шифобахш маз тайёрлашибди, ундан олманинг хушбўй ҳиди таралар, бу олма «памада» деб аталар экан. Риелье ҳам уни помада деб атабди.

Аслида помада тарихи Қадимги Мисрга бориб тақалади, Фиръавнлар сулоласи вакиллари, бадавлат амалдорлар хотинлари ва жазманлари, ҳарбий бошлиқлар, шаҳарликлар помададан кенг фойдаланишган. Ўша йилларда Миср чинакам мода маркази ҳисобланган.

Қадимги Миср папирусларида ёзилишича, 1450 йилда (эрамизгача) машҳур малика Хатшепсут Пунт мамлакатига қарши помада учун уруш эълон қилган. Шарқий Африкадаги бу мамлакат помадаси машҳур бўлган ва Миср маликаси унга ўзи эгалик қилишни истаган.

Бугунги кунда помада энг оммавий хотин-қизлар косметик пардоз воситаси ҳисобланади. Уни ишлаб чиқариш саноат асосида йўлга қўйилган. 1949 йилда помадани автоматик равишда тюбик шаклида юмалоқлаб бир йўла қутиларга жойлаштириш машинаси ихтиро қилинди.

Т.Шомуродов тайёрлади.