Лондонда ўтган сайёҳлик кўргазмасида Самарқанддаги “Боқий шаҳар” кўргазмаси ва бошқа объектлар ҳақида маълумот берилди

Буюк Британия пойтахтида бўлиб ўтган «Muslim Shopping Festival» халқаро ярмаркасида илк маротаба Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тақдим этилди, деб хабар қилмлқда «Дунё» АА.

Ярмарка доирасида Ўзбекистоннинг Британиядаги элчихонаси ва «Halal Travel Guide» туристик компанияси билан биргаликда «Ҳар бир мусулмоннинг Ўзбекистонга ташриф буюриши учун 5 сабаб» мавзусида тақдимот ўтказилди.

Иштирокчиларга Британия мусулмонлар кенг жамоасида қизиқиш уйғотган Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларидаги тарихий обидалар, Самарқанд шаҳрида бунёд этилган «Боқий шаҳар» мажмуаси, ислом маданияти ривожланишига ҳисса қўшган буюк алломаларимиз ва миллий ўзбек ошхонаси ҳақида батафсил маълумот берилди.

Кўргазма қатнашчилари, шунингдек, Ўзбекистонда дунёнинг аксарият давлатлари фуқаролари учун визасиз режим, электрон виза тизими жорий этилгани, барпо этилган янги замонавий меҳмонхоналар ва сайёҳларга яратилган қулай шарт-шароит билан танишиш имкониятига эга бўлишди.

Тақдимот британияликларда катта таассурот қолдирди ва уларнинг аксарияти юртимизга келиш истакларини билдирди.

Жумладан, «International Interest» компанияси ижрочи директори Сами Хамди Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларидаги қадимий мадраса ва масжидлар Буюк Британия мусулмон олами вакиллари учун шубҳасиз катта қизиқиш уйғотганини таъкидлади.

«Emerald Network» компанияси асосчиси Рофул Али ҳаваскор фотосуратчи сифатида мамлакатимизга бир неча бор келганини билдирди.

«Самарқанд шаҳридаги Регистон ансамбли менда катта таассурот қолдирган. Сўнгги йилларда «Зиёрат туризми» йўналишида Ўзбекистонга бўлган қизиқиш йил сайин ошиб бормоқда. Бугунги тақдимот эса британиялик ва бошқа хорижий сайёҳлар учун янги йўналишларни кашф этиш нуқтаи назаридан жуда самарали бўлди, деб ўйлайман», — деди у.