Лоқайдлигимиз эски йилда қолсин ёки сартарошнинг ибрати

Эрта тонг. Тонг тандирдек оқариб,  қушлар янги кунни олқишлаётган эди. Шу пайт телефоним жиринглади. Экранда "Салон" деган ёзув чиқди. Кўтардим.

"Опа,  Сизга бир нарсани айтмоқчи эдим. Нимадан бошласам экан,  хуллас бир ойлардан бери ёшгина қизча менга мижоз бўлган. Пардозни қуюқ қилишни,  киприклар улашни, сочларини жингалак қилишни сўрайди. Ишим. Айтганини қиламан. Унинг тез-тез келиши менда шубҳа уйғотаяпти. Охири сўрадим. Қизим,  қаердансан, онанг бу ишингни биладими, дедим. У эса "Сиз савол бергунча ишингизни қилинг ва пулингизни олинг" деди. Унинг бу галги талаби ошиб кетди. У сочларини куйдириб,  сариққа бўяшимни сўраяпти. Яна телефонда бир йигит билан учрашув жойини келишаяпти..."

Ортиқ эшитолмадим. "Кетиб қолмасин, беш дақиқада етиб бораман" дедиму йўлга тушдим. Кетаяпману йўлларнинг адоғи йўқдек...

Қизчадан гап олиш осон бўлмади. Аниқланишича, ота-онаси уни етмишдан ошган кекса бувисига ташлаб, чет элга кетибди. "Яхши юрувди" деди маҳалла мутахассиси. "Билмабмиз" деди ўқитувчи.

Учрашувни интиқлик билан кутаётган "йигитча" 40 га кирган, 3 болали эркак экан. "Менга студентман, расмингизни кўриб, севиб қолдим. Уйланаман деганди" деди қиз йиғлаганча.

Ўзига оро берган бу қиз мактабда 9-синфда ўқир экан. Унга икки нафар мураббий бириктирилди. Энди унинг ҳар бир қадами назоратда. Ота-онаси маҳалла орқали ҳол-аҳвол сўрайдиган бўлди. Бу ёш қизни боши берк кўчага кириб қолишидан ҳимоя қилганимизга умид қиламан.

Лекин юрагимни зириллатадиган  бир туйғу борки, нима учун ундаги ўзгаришни маҳалла фаоллари, мактаб жамоаси сезмади, оддий сартарошда бўлган жонсараклик ёшлар тарбияси йўлида хизмат қилаётган айрим масъулларни бефарқ қолдирди?

Порлоқ келажак, ёшлар камоли, ўзингизнинг ЭРТАНГИЗ УЧУН УЙҒОНИНГ...

Гулшан ШЕРМАТОВА,

Нуробод тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси.