"Маъракада ўтириб, туришин кўринг!"

Хўш, нега энди нодондан? – деб сўрадилар.

Сабаби оддий, нодонда мавжуд бўлган салбий иллатлардан тийилдим!

Муборак Рамазон ойидаги бир ифторлик ҳамон ёдимда. Диний мадрасада таълим олган домла ушбу ойнинг савоби, амалга оширишимиз керак бўлган юмушлар ҳақида маъруза қилаётган эди. Оғиз очишга тахминан ўн дақиқа фурсат бўлиб, таклиф этилган меҳмонлар домланинг сўзларини эътибор билан тинглаётганди. Шу пайт бир отахон: "Бунча чўзиб юбординг", деган эътироз билан баланд овозда домланинг нутқини бўлди.

Домла эса бир оз сукут сақлади-да, вазминлик билан маърузасини давом эттирди.

Маҳаллада марҳума хотирасига ўтказилаётган маъракада Қуръон тиловат қилаётган маҳалла мулласига яна ўша қария ноўрин эътироз билдирди. Ушбу ҳолат нафақат мулланинг, балки йиғилганларнинг, айниқса, хонадон соҳибининг қаттиқ ранжишига сабаб бўлди.

Маърака тугагач, ўша отахон ҳақида суриштирдим. Маҳалладошларининг айтишича, у саксонни қоралаган бўлса-да, оғзидан ади кириб, бади чиқадиган, дину диёнатдан йироқ киши экан.

Аслида маърака ва тўй-ҳашамларда иштирок этишнинг ўзига яраша одоб ҳамда қонун-қоидалари мавжуд. Ўзини ҳурмат қилган ҳар бир киши ушбу меъёрларга риоя этиши мақсадга мувофиқ. Яъни, тадбирга айтилган вақтдан кеч қолмасдан келиш, кўрсатилган жойга ўтириш, ўзаро мулоқотда овозни баланд чиқариб, ўзгаларга ҳалал бермаслик, ғийбат ва беҳуда гаплардан тийилиш, бировнинг нафсониятига тегмаслик ва ҳоказолар.

Пайғамбаримиз томонидан ворид бўлган ҳадиси шарифда "Имкони борича айтилган жойдан қолманг, айтилмаган жойга зинҳор борманг", дея таъкидланади.

Жамоат жойида ўзини тутиш ҳам маданиятлилик белгиси. Зеро, ўзини ҳурмат қилган кишигина ён-атрофдагиларни ҳам ҳурмат қилади.

Анвар FУЛОМОВ.