Маданий алмашинувлар халқларимизни яқинлаштиради, Фаластин-Исроил муаммосини тинч йўл билан ҳал қилиш муҳим саналади
Шу йилнинг 6-7 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикасига расмий ташрифи амалга оширилди.
Икки кунлик ташриф давомида Ўзбекистон-Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Шунингдек, Кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини чуқурлаштириш тўғрисида декларация имзоланди. Икки мамлакат ўртасида илмий алмашинув, шу жумладан бошқа соҳаларда ҳамкорликка доир ҳужжатлар алмашилди.
Ушбу олий даражали учрашувнинг икки жиҳати ҳақида тўхталмоқчиман.
Биринчиси, Президентлар дастлаб Туркия халқ амалий санъати ва таомлари кўргазмасида иштирок этишди. Таъкидлаш ўринлики, бундай маданий алмашинувлар қардош халқларимизни яқинлаштириш ва дўстлигини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
Сир эмас, Туркия ва Ўзбекистонни кўп асос — ўхшаш тил, ўхшаш анъана ва тутумлар, ягона дин, азалий дўстлик ва уйғун маданий алоқалар боғлаб туради. Икки халқ тамаддуни геосиёсий жойлашув ва тарихий тараққиётдан тортиб, ҳозирги ривожланиш босқичида кечаётган ислоҳотларнинг ўзига хослигигача бўлган кўп умумий жиҳатларга эга. Икки қардош давлат фуқаролари 31 йилдан буён ўзаро ҳамжиҳатликда, дўстона ҳамкорлик қилиб келади. Хусусан, мамлкатимизда, жумладан, Самарқандда турк миллий-мадиний марказининг фаолият юритаётгани, уларнинг вилоятимизда маҳаллий аҳоли билан тенг имкониятларга эга фуқаролар сифатида умргузаронлик қилиб келаётгани, миллий байрам ва урф-одатларни биргаликда ўтказиб келаётгшани фикримиз далилидир.
Шу жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга «Туркия Республикаси нишони»нинг берилиши турк оғаларимиз томонидан давлатимиз раҳбарига катта эҳтиром ва эътибор намунасидир.
Бу бежиз эмас. Зеро, Туркия Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ мазкур олий мукофот Туркия билан дўстона муносабатларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшган давлат арбобларига берилади.
– Биз чин қардош ва яқин дўст сифатида Туркия халқи эришаётган оламшумул ютуқлардан нафақат қувонамиз, балки беҳад фахрланамиз. Биз олдимизга қўйган ниятларимиз ва истакларимиз бир, – деди Шавкат Мирзиёев. – Биз ҳамкорликнинг янги, янада мустаҳкам кўприкларини қуряпмиз.
Иккинчиси, Президентлар Ғазо секторида зўравонликларни зудлик билан тўхтатиш ва Фаластин-Исроил муаммосини тинч йўл билан ҳал қилиш зарурлигини яна бир бор таъкидладилар.
Ўзбекистон ва Туркия президентлари Анқарадаги музокаралар якунида ОАВ учун баёнот билан чиқди. Унда Шавкат Мирзиёев Ғазода кечаётган фожиаларга алоҳида тўхталди.
Давлатимиз раҳбари Ғазо секторида 8 ойдан бери қонли уруш давом этаётгани, натижада 40 мингга яқин аҳоли, хусусан, аёллар ва болалар ҳалок бўлаётганини чуқур изтироб билан қайд этиб, яқинларини йўқотганларга ҳамдардлик билдирди.
Президентимиз Ғарб давлатларининг фожиага бўлган муносабати Ўзбекистон ва Туркияни қаттиқ хавотирга солаётгани, амалда иккиёқлама стандартлар кузатилаётганини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ана шу ўткир муаммо бўйича Туркия Президенти билдираётган адолатли ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
- Биз муқаддас динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини кенг тарғиб этиш борасида олиб бораётган ишларимиз бўйича ҳамкорликни давом эттирамиз. Ўзбекистон заминида туғилиб, камол топган, мусулмон оламида юксак эътироф этилган мутафаккирлар – Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абдухолиқ Ғиждувоний ва Баҳовуддин Нақшбанд каби улуғ зотларнинг бебаҳо маънавий-маданий меросига қардош турк халқининг диққат ва эътибори тобора ортиб бораётганини мамнуният билан таъкидладик. Ҳурматли Эрдўған жаноби олийларининг Ислом динига қарши ҳар қандай салбий ҳаракатларга нисбатан қатъий позицияси ҳам алоҳида эҳтиром ва эътирофга лойиқдир. Биз ҳозир мураккаб вазиятда динимизга қарши ёвуз кучларнинг турли хуруж ва босимларига биргаликда жавоб қайтаришга келишиб олдик, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Шу маънода Президентимиз гапларидан кейин ҳар бир киши ўзига хулоса қилиши талаб этилади: Ҳаёт суръатининг тезлашуви деб аталаётган бугунги глобаллашув шароитида маънавий тарбия, илмий тафаккур, маърифий етуклик каби тушунчалар етакчи ўринга эга бўлмаяптими? Бу борада биз нима қиляпмиз? Бошқа юртларда бўлаётган воқеаларни қандай таҳлил қиляпмиз, ўзимизга қандай хулосалар чиқаряпмиз? Шулар ҳақида одилона фикр қилайлик!
Дилшод Исмоилов,
Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари.