Маданият ва туризм вазирлиги "Марказий Осиёдаги йилнинг энг яхши туризм вазирлиги" дея эътироф этилди

Германиянинг Берлин шаҳрида бўлиб ўтган "PATWA International Travel Awards 2023" йиллик тадбирида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги "Марказий Осиёдаги йилнинг энг яхши туризм вазирлиги" нуфузли мукофоти билан тақдирланди

"PATWA" ҳар йили дунёдаги энг йирик саёҳат ярмаркаси ҳисобланган "ITB Berlin" ("Internationale Tourismus-Börse Berlin") доирасида "PATWA International Travel Awards" тадбирини ташкил этади. Тадбирда 7 мингдан ортиқ журналист, экспонент ва 180 мамлакатдан сайёҳлик соҳасидаги мутахассислар иштирок этди.

"PATWA International Travel Awards" мукофоти авиация, меҳмонхоналар, сайёҳлик агентликлари ва операторлари, сайёҳлик йўналишлари, давлат идоралари, вазирликлар, хизмат кўрсатувчи провайдерлар каби туризмни ривожлантиришда иштирок этган шахслар ва ташкилотларга берилади.

Маълумот учун, 7–9 март кунлари Берлин шаҳрида бўлиб ўтган "ITB Berlin" туризм кўргазмасида Ўзбекистон миллий стенди намойиш этилди.