Мадҳиямиз мисраларида қудрат мужассам
Дунёда она алласини бебаҳо дейишади, сеҳрли ва жозибадор қўшиқ деб билишади. Дарҳақиқат, шундай. Чунки у биз бешикдалигимиздаёқ қулоғимизга онамизнинг майин овози билан қуйилади, руҳимизга жойлашади. У орқали ором оламиз. Шу сабабли унга меҳримиз беқиёс. Миттилигимиздан у бизнинг ҳамроҳимиз бўлади. Улғайиб борганимиз сари турли наво-куйларни, қўшиқларни ажрата бошлаймиз. Қўшилиб ҳиргойи қиламиз.
Шулар орасида давлатимиз мадҳияси алоҳида ўринга эга. Боғчага чиққанимизда, мактабга илк қадам қўйганимизда биз мадҳия ҳақида кўпроқ англай бошлаймиз. У Ватанимиз қўшиғи эканлигини, уни ижро этишда белгиланган тартибга риоя этишимиз кераклигини, у жаранг сочаётганда қўлимиз кўксимизда бўлиши лозимлигини устозларимиз уқтириб боришади.
Мадҳия – давлатни ёки кишини мадҳ этиш мақсадида мусиқа ва сўз ижросида яратилган асар. Ўзбекистон мадҳияси Давлат байроғи ва герби қаторидаги муқаддас давлат рамзларидан бири ҳисобланади. Унда халқнинг асрий орзу-умидлари, руҳияти ва қудрати мужассам. Унда юрт улуғланади, мадҳ этилади.
Давлат раҳбарининг хорижий ўлкаларга ташрифи чоғида, халқаро майдонларда юрт ўғил-қизлари зафар қучганида, мамлакатда катта тадбирлар дебочасида мадҳиямиз янграб, Давлат байроғи кўтарилади.
Серқуёш, ҳур ўлкам, элга бахт, нажот,
Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон.
Яшнагай тоабад илму фан, ижод,
Шуҳратинг порласин, токи бор жаҳон...
Ушбу мисралар билан бошланувчи Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси жаранг сочиб, байроғимиз бошимиз узра ҳилпираганда, шу юртнинг ҳар бир фарзанди қалбида она-Ватанимизга нисбатан ифтихор уйғонади, юрак зарблари тезлашади. Мадҳия фақат мақташ учунгина яралмайди, мадҳ этмоқ учунгина куйланмайди, балки у орқали эътиқодимиз ифодаланади.
У куйланганда қалбимиз эзгуликка, бунёдкорлик орзусига, ишончга тўлади. Унинг ҳар сатри, ҳар сўзи халқ ичидан олинган, унда қудратли руҳ мужассам.
З.КАРИМОВ,
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Самарқанд вилояти бўлинмаси раҳбари.