Магистратура тингловчилари амалиётни Жанубий Кореяда ўтади

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси магистратураси тингловчилари Жанубий Кореянинг Инсон ресурсларини ривожлантириш миллий институтида ўқув амалиёти ўтади.

Академия ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ҳамкорлигидаги «Ўзбекистон Республикаси давлат секторига инновацияларни татбиқ этиш бўйича Давлат бошқаруви академиясининг салоҳиятини ошириш» лойиҳаси доирасида ташкил этилган амалиётда кореялик етук мутахассисларнинг маърузалари тингланди, давлат бошқарувининг муҳим тармоқларида фаолият юритаётган юқори даражали давлат хизматчилари билан учрашувлар ўтказилди.

Инсон ресурсларини ривожлантириш миллий институти вице-президенти Ли Хин Со, профессорлар Чанг Су Чо, Со Ён Сок, Ховард Чо ва бошқалар профессионал давлат хизмати тизимини ривожлантириш, давлат кадрлар сиёсати, бошқарув кадрларни тайёрлаш, таълим беришнинг замонавий стандартлари ва сифатли янги метод ҳамда технологияларни жорий этиш масалалари бўйича сабоқ берди.

Шунингдек, амалиёт давомида Кореянинг бир қатор вазирлик ва юқори идоралари расмий вакиллари билан мулоқотлар уюштирилиб, давлат хизматларини такомиллаштиришнинг Корея тажрибаси, замонавий инновацияларни татбиқ этиш орқали давлат хизматчиларининг фаолияти самарадорлигини ошириш ва уларда лидерлик кўникмаларини ривожлантириш масалалари бўйича магистрлар билим ва малакасини оширди.

Исроил ЖАББОРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси тингловчиси.