Маҳаллада нималар ўзгаряпти?

2023 йил 26 сентябрда Президентимиз раислигида ўтказилган маҳаллабай ишлаш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилишида тизимни ислоҳ қилиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган эди. Ўша йилнинг 21 декабрида давлат раҳбари мазкур вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган «Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон ҳамда «Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади. Хўш, бу ҳужжатлар нимаси билан аҳамиятли?

Янги уюшма маҳаллаларнинг бошини бириктиради

Энг катта янгилик Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бошқармалари ҳамда туман  ва шаҳар бўлимлари ташкил этилиши бўлди.

Уюшманинг асосий вазифалари сирасига маҳалланинг халқ билан давлат ўртасидаги «кўприк» вазифасини амалга оширувчи мустақил ва халқчил тузилмага айланишига, «маҳалла еттилиги» томонидан маҳалланинг ички ресурсларини аниқлаш ҳамда уларни ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш учун сафарбар этишга, маҳалла масъулларининг малакасини ошириш, уларда замонавий бошқарув кўникмалари шаклланишига кўмаклашиш киради.

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси конференцияси унинг юқори органи бўлиб, камида уч йилда бир марта чақирилади. Кадрлар масаласи Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 667 та штат бирлигини қисқартириб, уюшма, унинг ҳудудий бўлинмалари ва Вазирлар Маҳкамасининг «Маҳалла еттилиги» фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўлими ташкил этиш орқали ечилади. «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) бўлинмаларининг 320 та штат бирликлари ҳам қисқартирилиб, уюшма ва унинг ҳудудий бўлинмаларига ўтказилади.

Ҳа, айтганча, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади. Бу маҳаллаларнинг фаолияти устидан давлат идораларининг назорат ёки мониторинг олиб боришига барҳам беради. Яъни, улар ўзини ўзи бошқариш органи сифатидаги мақомини сақлаб қолади.

Ҳужжатга кўра, уюшма раиси мақоми, тиббий, транспорт ва маиший таъминот шароитлари бўйича Бош вазир ўринбосарига тенглаштирилди. Ўз навбатида унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарлари мазкур таъминот шароитлари бўйича тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосарига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокими ўринбосарига тенглаштирилди.

 Кенгашларга ҳокимлар раис бўлади

Тегишли фармон билан Республика, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туман (шаҳар) маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари ташкил этилди. Республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашига Бош вазир, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар) маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашларига тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ва ҳокимлар раислик қилади.

Республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши маҳаллаларни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгиловчи, даромад ва харажатлар ҳамда дастурларни тасдиқловчи олий орган ҳисобланади. Республика ва ҳудудий кенгашлар жамоатчилик асосида фаолият юритади.

Республика кенгаши ҳар олти ойда, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари ҳар уч ойда, туман ва шаҳар маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари ҳар ойда камида бир маротаба уюшма ва бошқа давлат ташкилотлари, уларнинг тегишли ҳудудий бўлинмалари фаолиятини баҳолаш ва муаммоларни комплекс ҳал қилиш юзасидан йиғилади.


Маҳаллада ким, нима иш қилади?

Айтиш жоизки, бугунгача маҳалла фаолларига 100 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан вазифалар юклатилган эди. Фармонда маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори жамоатчилик асосида фаолият юритадиган «маҳалла еттилиги»ни ташкил қилиш белгиланди. Шунингдек, еттиликдаги ҳар бир ходимнинг вазифалари аниқ кўрсатиб берилди. Қуйида уларнинг асосий вазифаларини келтириб ўтамиз.

Маҳалла раиси маҳалла ободлигини таъминлаши, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида тарғибот ишларини амалга ошириши керак. Ҳар ойда бир маротаба маҳалладаги барча кўчаларда оммавий ҳашар уюштириш, камида 2 та эҳтиёжманд оиланинг таъмирталаб хонадонида қўни-қўшниларни жалб этган ҳолда ҳашар ташкил этиш шулар жумласидан. Бундан ташқари, у ҳар чоракда бир маротаба маданият ходимлари, ёзувчи ва шоирларнинг аҳоли билан миллий қадриятлар ва урф-одатларни сақлаш, тўй-маросимларни ихчам ўтказиш бўйича учрашувини ташкил этиши, маҳаллага бириктирилган давлат органлари вакилларини аҳоли муаммоларини ҳал этишга сафарбар этиши, маҳаллада фаолият юритувчи ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика ва солиқ инспекторлари, ижтимоий ходим фаолиятига умумий раҳбарлик қилиши лозим.

Унинг ваколат муддатини 3 йилдан 5 йил муддатга узайтириш ҳам кўзда тутилган.

Ҳоким ёрдамчиси доимий даромад манбаига эга бўлмаган ишсиз аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ҳамда бандлигини таъминлаш чораларини кўриши, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида кредит ва субсидиялар ажратилишида кўмаклашиши керак. Шу билан бирга, у аҳолига ижара ҳуқуқи асосида ажратилган ер майдонлари ва томорқаларда экилган экинлар ва етиштирилган маҳсулотлар ҳисобини юритади, деҳқон хўжаликлари билан экспортёр, брокер ва қайта ишловчи корхоналарнинг ҳамкорлигини ташкил этади. Маҳалладаги камбағал оилаларнинг ҳар бири учун «индивидуал дастур» ишлаб чиқиш ва уларнинг даромадини ошириш ҳам ҳоким ёрдамчисининг вазифаси ҳисобланади.

Ёшлар етакчиси маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, жумладан, уларни «Беш ташаббус олимпиадаси»да иштирок этишга жалб қилишга масъул. Шунингдек, ишсиз ёшлар ва мактаб битирувчилари бандлигига кўмаклашиш учун «Ёшлар бандлиги дастури»ни маҳаллада амалга ошириш, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар билан тизимли ишлаш, «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга кўрсатиладиган 30 та ёрдам турларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ҳам унинг зиммасида.

Айтиш жоизки, фармон билан ёшлар етакчисига маҳаллада китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида шахсий намуна сифатида ҳар ойда камида битта китоб ўқиши, шахсий ривожланиш мақсадида «Ибрат фарзандлари» лойиҳаси доирасида камида 1 та хорижий тилни мукаммал ўрганиши белгиланган.

Хотин-қизлар фаоли оддий «Соғлом оила — соғлом жамият» тамойилларини тарғиб қилиш, хусусан, яқин қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳнинг олдини олиш, репродуктив саломатликни яхшилаш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мақсадли чора-тадбирларни амалга оширади. Шунингдек, у хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириши, таълим имкониятларини кенгайтиришга кўмаклашиши, ҳар ойда камида 10 нафар оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатишни ташкил этиши, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини аниқлаб, профилактика инспекторига хабар бериши керак.

Профилактика инспектори  маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсиз муҳитни таъминлаш, фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини амалга оширишда кўмаклашади.

Ижтимоий ходим оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган шахслар ва оилаларни аниқлаш, уларнинг эҳтиёжларига қараб, комплекс ёндашув асосида профессионал ижтимоий хизмат кўрсатиш ва ёрдамларни ташкил этади.

Солиқ инспектори тадбиркорларга солиқ хизматларини кўрсатиш, солиқ базасини кенгайтириш, солиқларни ундириш ва маҳалла бюджетининг даромадини шакллантиришга масъул ҳисобланади.

Субсидияни «Маҳалла еттилиги» ажратади

Шу кунларгача маҳаллаларда молиявий ва маъмурий ресурслар мавжуд эмас эди. Ижтимоий ҳимояга муҳтожларга моддий ёрдам ажратиш ҳам 5 босқичдан иборат узоқ жараённи талаб қиларди. Фармонга кўра, 2024 йилнинг 1 мартидан бошлаб жисмоний шахсларни «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»га киритиш, шунингдек, “дафтар”лар ҳамда Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳамда Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратиш «маҳалла еттилиги»нинг коллегиал қарори асосида амалга ошириладиган бўлди.

Айни мақсадда ҳар ойнинг 5-санасига қадар “дафтар”лар учун маблағларни тақсимловчи масъул ташкилотлар томонидан жамғармаларда шаклланган маблағлар “дафтар”ларга киритилган фуқаролар сонига мутаносиб равишда ҳар бир маҳалла кесимида тақсимланади. Ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва ижтимоий ходим уларга юклатилган вазифалар юзасидан жисмоний шахсларни тегишли “дафтар”ларга киритиш ва чиқариш ҳамда ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратиш бўйича ҳужжатларни шакллантириб, «маҳалла еттилиги»нинг бошқа барча аъзоларига кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун киритади.

«Темир дафтар» Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан юритилади. Шунга қарамай, уларга «Саховат ва кўмак» жамғармаси томонидан кўрсатиладиган ёрдамлар ижтимоий ходим томонидан «маҳалла еттилиги»га кўриб чиқиш учун киритилган ҳолда кўрсатилади.

Шунингдек, ҳужжат билан жорий йилнинг 1 январидан бошлаб барча туман ва шаҳарларда «Маҳалла бюджети» тизими амалиётга жорий этилди. Ҳар бир маҳалладаги маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси бўлиб, унга жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича ундирилган маблағларнинг 10 фоизи, маҳалла идоралари орқали кўрсатилган давлат хизматлари учун ундирилган йиғимнинг 10 фоизи, маҳалладаги ҳудуди 2 минг квадрат метргача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини ҳоким ёрдамчисининг онлайн-буюртманомасига асосан тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукцион савдолари орқали сотишдан тушадиган маблағлар (баҳолаш ва сотиш харажатлари чегирилган ҳолда), маҳалланинг мол-мулкини белгиланган тартибда ижарага беришдан олинадиган маблағлар туширилиши белгиланган. «Маҳалла буджети» тизими доирасида амалга оширилган харажатлар тўғрисидаги маълумотлар ҳар ой якуни билан келгуси ойнинг 5-санасига қадар «Очиқ бюджет» ахборот порталига жойлаштириб боради.

Асқар БАРОТОВ тайёрлади.