Маҳаллий Кенгаш депутатларига нега иш ҳақи ҳам, имтиёз ҳам йўқ?
O‘zLiDeP Самарқанд вилояти кенгаши томонидан навбатдаги анжуманда айнан шу масала муҳокама қилинди.
Маҳаллий Кенгашларга илк бор сайланган депутатлар учун “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг иш фаолиятини самарали ташкил этиш механизмлари” мавзусидаги ўқув-семинарда депутатлар фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий асослар ўрганилди.
Жумладан, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Қонунда белгиланган депутат фаолиятининг ҳуқуқий асослари, дахлсизлиги, мажбуриятлари, одоби қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
- Амалдаги қонунчиликка кўра, депутат ваколати муддатида дахлсизлик ҳуқуқига эга, - дейди халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати Олим Пардаев. - Тегишли кенгашнинг розилигисиз депутат мазкур ҳудудда жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.
Шундай бўлгач, йўл ҳаракати қоидасини бузган депутатга ЙҲХ ходими маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан баённома тузишга хақлими?!
- Фаолиятим давомида депутат жиноий жавобгарликка тортилганида, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан кенгашнинг розилигини олиш бўйича мурожаатлар кўриб чиқилганига гувоҳ бўлганман, - деди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Бахтиёр Хўжаёров. - Аммо депутатга маъмурий чора қўллаш олдидан кенгашларга бирорта мурожаат келиб тушганига гувоҳ бўлганим йўқ. Бундай тушунмовчиликлар назаримда, қонунчилигимизда айрим моддаларга батафсил изоҳ берилмаганлигидан келиб чиқмоқда.
Шунингдек, тадбирда илк бор сайланган халқ ноиблари маҳаллий кенгашларига сайланган депутатларнинг ваколати ва имтиёзлари ҳақида қатор саволларни ўртага ташлашди.
- Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатининг имтиёзлари ва ваколатлари ҳақида хабардормиз, - деди халқ депутатлари Булунғур тумани Кенгаши депутати Раҳимжон Ўроқбоев. - Вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари учун ҳам қонунчиликда рағбатлантириш, имтиёзлар борми?
- Ҳозирча маҳаллий кенгашлар депутатлари учун энг катта рағбат - бу халқнинг ишончи, - деди O‘zLiDeP вилоят кенгаши сиёсий таълим маркази раҳбари Жамила Сайфиддинова. – Негаки, шу пайтгача маҳаллий кенгашларнинг депутатлари жамоатчилик асосида фаолият юритган. Вилоят кенгаши депутатининг вилоят ҳудудида жамоат транспортидан бепул фойдаланиш хақуқига эга. Аммо туманлараро жамоат транспортининг ўзи йўқ.
Айни кунларда Президентимизнинг ташаббуси ва тавсиялари билан мутахассислар томонидан халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашларидаги депутатларга ойлик иш ҳақи тўлаш механизмлари ишлаб чиқилмоқда. Бу яқин ойлар ичида амалиётга жорий этилиши мумкин.
Тадбирда шунингдек, Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг 2020 йилдаги шаҳар ва туманлар кесимидаги ижросини таъминлаш вазифалари ҳамда вилоятда маҳаллий бюджет шаклланиши, тақсимланиши ва сарфланишининг туманлар кесимидаги таҳлили бўйича мутахассисларнинг маърузалар тингланди.
Бахтигул ҚАРШИЕВА.