Маҳаллий саноат — иқтисодий тараққиёт пойдевори

Яқинда ўтказилган мамлакатимизда маҳаллий саноатни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида асосий эътибор маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, янги саноат корхоналарини ташкил этиш ҳамда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўлди.

Мазкур масала нафақат иқтисодий тараққиёт, балки янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш нуқтайи назаридан ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Йиғилишда қайд этилганидек, маҳаллий саноатни ривожлантиришда одатий ёндашувлардан воз кечиб, ҳар бир ҳудуднинг имконият ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда лойиҳаларни амалга ошириш талаб этилмоқда. Бунинг учун қуйидаги устувор вазифалар белгиланди:
• Ҳар бир туманда саноат зоналарини ташкил этиш ва уларни инфратузилма билан таъминлаш;
• Мавжуд корхоналарни модернизатсия қилиш, янги технологияларни жорий этиш;
• Саноат лойиҳалари учун молиявий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, тадбиркорларга қулай кредит шартлари яратиш;
• Мутахассис кадрлар тайёрлашни самарали йўлга қўйиш ва таълим муассасалари билан ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш;
• Ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш ва энергия тежовчи технологиялардан фойдаланиш.
Масалан, жорий йилда Андижон, Наманган ва Самарқанд вилоятларида умумий қиймати бир неча 100 миллиард сўмлик саноат лойиҳалари амалга оширилиши белгиланган. Бу лойиҳалар ҳисобидан минглаб янги иш ўринлари яратилиши ва маҳаллий бозорда рақобатбардош маҳсулотлар улуши ошиши кутилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг таъкидлашича, маҳаллий саноат ривожи, бу - тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари ва аҳоли учун барқарор даромад манбаи яратиш дегани. Шу боис, ҳар бир ҳоким ўз ҳудудидаги саноат салоҳиятини тўлиқ ўрганиб, уни ривожлантириш бўйича аниқ ҳаракат дастури билан ишлаши лозим. Бунинг учун тадбиркорларга давлат томонидан қулай шарт-шароитлар, жумладан, ер ажратиш, кредит бериш, инфратузилма билан таъминлаш каби механизмлар янада такомиллаштирилмоқда.
Маҳаллий саноатни ривожлантириш, бу - юрт тараққиётини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва турмуш даражасини юксалтиришнинг энг муҳим омили. Ҳар бир корхона, ҳар бир лойиҳа ортида юзлаб, балки минглаб кишиларнинг ҳаёти, эртанги кунига бўлган ишончи ётади. Шу боис, бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар нафақат иқтисодий, балки ижтимоий барқарорлик учун ҳам хизмат қилади.

Нилуфар Жаъфарова,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.