Маҳкумлар ўзлари муносиб деб топган номзодларга овоз берди
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 5-моддасида суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди, деб белгиланган. Лекин ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларда сайловда иштирок этиш, яъни сайлаш ҳуқуқи мавжуд.
Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармасига қарашли 38-манзил колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ўз конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланишди.
- Сайлов кодексининг 29-моддасида сайловчилар рўйхати билан қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участкаларда сайловга уч кун қолганида ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилади, деб белгиланган, - дейди колониянинг тарбиявий ишлар бўлинмаси бошлиғи Аброр Аъзамов. - Ушбу модда асосида манзил колониямизда жазо муддатини ўтаётган ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноят содир этган 19 нафар маҳкум Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодларнинг сайловолди дастурлари билан таништирилди. Бугун улар ажратилган техника воситаларида Самарқанд шаҳридаги 17-сайлов участкасига боришди ва ўзлари муносиб деб топган номзодларга овоз берди.