Маиший газ баллонда носозлик кузатилса қанча вақтда алмаштирилиши керак?
Бу саволга "Ҳудудгаз Самарқанд" газ таъминоти филиали журналистлар билан мулоқотда жавоб берди.
Баъзи ҳолларда маиший газ баллонда носозлик кузатилиб авария хавфи юзага келади. Масъулларга кўра, бундай ҳолатларда истеъмолчи "Ҳудудгаз Самарқанд" газ таъминоти филиалининг 0 (366) 239-78-02 ҳамда туманлардаги 1104 рақамли авария хизматларига қўнғироқ қилиши мумкин. Мурожаатдан сўнг 24 соат ичида носоз маиший газ баллон бошқасига алмаштириб берилиш шарт.
Айтилишича, ҳар бир газ тўлдириш шохобчасида синовдан ўтказиш марказлари бор. Самарқанд вилоятида тўртта ҳудудда шундай марказлар бор, газ баллон бу ерда текширувдан ўтказилади ва носозлари цехларга қайтариб юборилади.
Маиший газ баллонларни тўлиқ синовдан ўтказиш муддати беш йил. Ҳар беш йилда давлат стандартлари асосида синовдан ўтказилиб борилади.
Маиший газ баллоннинг умумий яроқлилик муддати эса 25 йил этиб белгиланган, дейилади "Ҳудудгаз Самарқанд" газ таъминоти филиали вакиллари маълумотида.