Мактаб билими билан талаба бўлиш қийинми?
Олий таълим муассасаларига грант асосида қабул қилинганларнинг барчаси ўқув марказлари ёки мактабдан ташқари пуллик тўгаракларга қатнаган. Айни пайтда бу гаплар одамлар орасида кўп тарқалган, аммо мактаб билими билан ҳам ўқишга кириш мумкин экан. Қандай қилиб? Бу саволга Оқдарё туманининг чекка ҳудудида жойлашган 11-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчилари жавоб берди.
- Мактабда “Ёш кимёгарлар” тўгарагини ташкил қилганман, бу - бепул, - дейди кимё фани ўқитувчиси Дилшода Нурмуродова. – Дарсда ҳам, тўгаракда ҳам мактабдаги кимё синфидаги жиҳозлардан самарали фойдаланиб, ўқувчиларимга таълим бериб келяпман. Қишлоғимиз туман марказининг энг олис ҳудудида жойлашган. Ўқувчилар ўқув марказларига қатнаши анча қийин. Қолаверса, аксарият оилаларнинг шароити оғир, аммо фарзандларининг илм олишга қизиқиши баланд. Уларга бор билимимизни бермаслик - гуноҳ. Синф раҳбарлигим, тоифам, устамаларим борлиги учун 10 миллион сўмга яқин ойлик оламан. Бўш вақтларимда томорқадаги сабзавот маҳсулотлари ва мевали дарахтларни ҳам илмим билан парваришлаб, даромад топаман. Пуллик тўгарак ўтишга ҳожат йўқ.
- Ўқувчиларимни фан олимпиадаларига тайёрлайман, - дейди она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Маъмура Норбекова. - Улар яхши натижаларга эришиб келяпти. Фан олимпиадаларига яхши тайёргарлик кўрган ўқувчи, албатта, олий таълим муассасасига ўқишга кира олади. Ўтган ўқув йилида мактабимизни 53 нафар битирувчи тамомлаб, 22 нафари талаба бўлди. Барчаси она тили ва адабиёт фанидан имтиҳон топширган. 4 нафар шогирдимиз грант асосида ўқишга қабул қилинган бўлиб, уларнинг 2 нафари филология факультетига кирди. Иккаласи ҳам ўтган ўқув йилида миллий сертификатни қўлга киритган эди.
Биргина муаммо бу мактабда қўшимча тўгараклар ўтиш учун синфхоналар етишмас экан. 350 ўринли бинода 700 нафарга яқин ўқувчи таълим олади.
Тўғри, қўшимча тўгараклар ўтишга мактабда шароит етарли эмас, - дейди Маъмура Норбекова. - Синфхоналар етишмаган пайтда мактабимиз директори имконият яратиб беришга ҳаракат қилади. Керак пайтида ўзининг хонасини ҳам бўшатиб берган. Баъзан ўқитувчилар маънавият хонасидан навбат билан фойдаланишади. Имкони борича ўқувчиларимизга таълим беришга ҳаракат қиляпмиз.
Агар қўшимча бино қурилиб, тўгарак ўтиш учун шароитлар яратилса, мактаб жамоасидан бундан-да юқори натижаларни кутиш мумкин.
Дилшода Юсупова,
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов (фото-видео).