Мактабда олган билим билан талаба бўлиш қийин(ми?)

Айни дамда бу савол кўпчиликни қийнаётган, кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган масала. Афсуски, бугунги кунда қўшимча пуллик тўгаракларга қатнашмасдан туриб, талаба бўлган ёшларни топиш қийин. Zarnew.uz телеграм канали учун талабалар орасида видеосўров ўтказганимизда бунга гувоҳ бўлдик.

- Мактабда олган билимим пойдевор вазифасини ўтаган, аммо ўқишга кириш учун яхшироқ ўқув марказида тайёрланмасам бўлмасди, - дейди талабалардан бири. – Аҳамиятлиси, кейинги йилларда олий таълим муассасасига кириш осон, у ерда ўқиш қийин экан. Замонавий тизимлар жорий этилиб, ўқимайдиган, ўз устида ишламайдиган талаба оралиқ ва якуний имтиҳонлардан ўта олмаслигига сабаб бўлмоқда. Бу яхши, албатта. Турли коррупцион ҳолатларнинг олдини олиб, талабани изланишга ундаяпти.

Ўқишга кириш осон бўлган даврда ҳам ёшларимизнинг талаба бўлиши учун мактабда олган билимлари етарли эмаслиги ачинарли ҳол. Айрим ихтисослаштирилган мактабларда таълим олаётган ўқувчиларгина репетиторга қатнамаслиги мумкин. Умумий ўрта таълим мактаблари битирувчи синф ўқувчиларининг аксарияти пуллик тўгаракларда дарс олмаса талаба бўлиши қийин. Сифатли таълим берадиган бепул қўшимча тўгараклари мавжуд бўлган умумий ўрта таълим мактаблари умуман йўқ, дейиш ҳам нотўғри. Бундай таълим муассасалари бор. Вилоятимизнинг Оқдарё туманидаги айрим мактабларни бунга мисол қилсак бўлади.

- Туманимиздаги мавжуд 56 та мактабни ўтган ўқув йилида 1638 нафар битирувчи тамомлади, - дейди туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими методисти Дилфуза Арслонова. – Уларнинг 1438 нафари олий ўқув юртларига ҳужжат топшириб, 541 нафари давлат гранти ва тўлов шартнома асосида талабаликка қабул қилинди. Мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши бўйича 28 фоиз кўрсаткич билан туманимиз вилоятда иккинчи ўринни эгаллади. Битирувчиларининг бир нафари ҳам талаба бўлмаган мактабимиз йўқ.

Тумандаги 45-умумий ўрта таълим мактабини ўтган ўқув йилида 74 нафар йигит-қиз битириб, 41 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирди.

- Битирувчиларимизнинг 12 нафари инглиз тилидан халқаро ва миллий сертификатларга эга бўлган эди, - дейди мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Наргиза Мамаюсупова. – Улар учун ўқишга киришда айнан шу фандан имтиёз берилди ва барчаси нуфузли олий ўқув юртлари талабаси бўлди. Шогирдларимнинг бундай ютуққа эришишида менинг ҳам озгина бўлсаям ҳиссам борлигидан хурсандман. Мактаб таълими билан ўқишга кириш қийин, деган гап қулоғимизга кўп чалинади. Аммо битирувчиларимизнинг аксарияти пул тўлаб репетиторга қатнамасдан, аввало, мактаб дарсларида, қолаверса дарсдан кейин ташкил этилган бепул тўгаракларда олган билимлари билан талабаликка қабул қилинди.

Мактабда ана шундай битирувчилар сафини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бунинг учун эса, албатта, ўқувчилар ва ўқитувчиларга етарлича шароитлар яратилиши зарур бўлади.

- Муассасамиз 960 ўринли бўлиб, 1771 нафар ўқувчи таълим олади, - дейди мактаб директори Комилжон Бердиқулов. – Уларнинг сифатли таълим олиши учун имкониятлар яратишга ҳаракат қиляпмиз. Жумладан “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг икки мавсумида ғолиб бўлдик. Ҳозирги кунда биринчи мавсумдан ажратилган 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ эвазига 220 ўринли қўшимча бино қад ростлади. Иккинчи мавсумда ғолиб бўлиб, қўлга киритилган 1 миллиард 320 миллион сўм маблағ эвазига яна бир бино қурилиши бошлаб юборилди. “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг туман босқичида биринчи ўринни эгаллаб, 100 миллион сўм, вилоят босқичида ғолиб бўлиб эса 200 миллион сўм маблағни ҳам қўлга киритганмиз. Бу ҳам мактабимизда таълим сифатининг яхшиланишига хизмат қилади.

Мактабда 114 нафар ўқитувчи фаолият олиб боради. Уларнинг 27 нафари олий тоифага эга, 10 нафардан зиёди халқ таълими аълочисидир. Шунингдек, бир нафар “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” унвони, бир нафар “Дўстлик” орденига сазовор бўлган устозлар ҳам бор.

- 43 йилдан бери математика ва информатика фанларидан дарс бериб келаман, - дейди Дилором Мамашарипова. – Шу йиллар давомида ўқувчиларим фан олимпиадаларининг вилоят ва республика босқичларида юқори натижаларни қўлга киритган. Информатика фанидан халқаро олимпиада ғолиблари бўлган шогирдларим бор. Улар эришган ютуқлар сабаб менга ҳукуматимиз томонидан 10 га яқин кўкрак нишонлари берилди. “Шуҳрат” медали, “Меҳнат шуҳрати” ордени ҳамда “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” унвони билан тақдирландим.

Бу мактаб ўқувчилари нафақат фан олимпиадалари ва танловларда, балки спорт мусобақаларида ҳам юқори натижаларни қўлга киритиб келяпти. Мактабнинг волейболчи йигитлари шу кунларда ўтказилаётган “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг вилоят босқичида биринчи ўриннни эгаллаб, мусобақанинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Туманда 52-, 37-, 33-мактаблар битирувчилари ўқишга кириш кўрсаткичи бўйича юқори ўринни эгаллаб турибди. Бу таълим муассасалари қуйи ўринларда турган 6-, 25-, 42- ва 50-мактабларга ўрнак бўляпти. Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан уларнинг тажриба алмашишлари учун тадбирлар амалга ошириляпти.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ.