Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мактабларда коррупцион ҳолатлар йўқ эмас

Бу ҳақда Самарқанд шаҳридаги 81-умумий ўрта таълим мактабида “Коррупция – ривожланишимизга тўсиқ” мавзусида бўлиб ўтган давра суҳбатида айтилди.

Самарқанд шаҳридаги мактаб директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари таклиф этилган тадбирда коррупция иллати, оқибатлари, уни келтириб чиқарувчи омилларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Бу борада мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, қонун ва фармонларга киритилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.

- Минг афсуски, Самарқанд шаҳридаги мактабларда кейинги пайтда майда-чуйда йиғимлар, яъни коррупция ҳолатлари ҳақида эътирозлар кўпайди, - дейди шаҳар халқ таълими бўлими бошлиғи Азимжон Солиев. - Баъзи мактабларда фаррошга пул йиғилаётгани кузатиляпти. Ўқитувчиларнинг 11-синф ўқувчиларини олий ўқув юртига ўқишга кириши учун репетиторга тўлиқ жавоб бериб юборганини нима билан изоҳлаш мумкин? Юқоридагиларнинг барчаси коррупцион ҳолат эмасми? Агар ўқувчи йиллар давомида мактабдан ўша билимини ололмаган бўлса, бунга сизу биз сабабчимиз. Етарли билим бера олмаган ўқитувчининг мактабда бир соат ҳам ишлашга ҳаққи бўлмаслиги керак.

А.Солиев яна бир жиҳатга эътибор қаратди. Унга кўра, олий таълимга ўқишга кириш учун ўтказилаётган ижодий имтиҳонларда ҳамон коррупцион ҳолатлар кузатиляпти. Бу жараённи ҳам тест жараёни каби ошкора ва шаффоф тарзда ташкил этиш вақти келди. Ҳар бир мактаб битирувчиларидан йил давомида тест олиш керак, шунда ҳақиқий билимдон ўқувчи сараланади. Ўқиган ўқувчи эса ҳеч қачон коррупция йўли орқали ўқишга киритиб қўйишини истамайди.

Ҳусан Элтоев.