Мактабларга қанча янги дарслик тарқатилди?

Янги ўқув йилининг етти ойи ўтди. Бу йил мактабларга янги дарсликлар тарқатилиши керак эди. Хўш, жорий йилда вилоят мактабларининг қанчаси янги дарсликлар билан таъминланди?

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022-2026 йилларда Халқ таълимини ривожлантириш бўйича Миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонига кўра, жорий ўқув йилида 3-, 6-, 7-, 10-синф дарсликлари халқаро экспертлар иштирокида янгиланди. Бугунгача вилоятимизга жами 6682200 дона 3-, 6-, 7-, 10-синф  янги дарсликлари келтирилди ва ҳудуддаги 1262 та умумтаълим мактабида ўзбек синфларида ўқиётган ўқувчиларнинг дарсликлари тўлиқ тарқатилди.

Рус ва тожик синфлар учун янги дарсликлар нашр қилиш ишлари бироз кечикканлиги сабабли яқинда олиб келинди. Айни пайтда китобларни тарқатиш ишлари амалга оширилмоқда. Мактабларда 3-, 6-, 7-, 10-синф ўқувчилари янги дарсликлар келгунга қадар Халқ таълими вазирлигининг буйруғига асосан, эски дарсликлардан фойдаланишди.

Айни кунларда ўзбек синфларига янги дарсликлар шакллантирилган рўйхатга асосан, тўлиқ тарқатилганлигига қарамасдан, айрим ўқувчиларнинг ота-онаси хизмат вазифаси ва бошқа ҳолатлар сабаб бир шаҳардан иккинчи шаҳарга кўчиб ўтиши муносабати билан бошқа мактабда ўқишни давом эттириши боис дарслик билан таъминлаш бўйича мурожаатлар келиб турибди. Ушбу мурожаатлар жойида ўрганилиб, зудлик билан ижобий ҳал этиш чоралари кўрилмоқда, дейилади Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумотида/

Биз ушбу маълумотга янада ойдинлик киритиш мақсадида айрим ўқитувчилардан янги дарсликлар ҳақида сўрадик.

- Янги дарсликлар 3-синфларда тўлиқ тарқатилгандир, лекин 6-, 7-, 10-синфларда камида биттадан дарслик йўқ, - деди исми сир қолишини истаган ўқитувчи. - Масалан, 10-синфга энг зарур дарсликлардан бири – адабиёт берилгани йўқ. Нима эмиш, маблағ етишмаганлиги сабабли бу йил чоп этилмабди. Буни таълимга оид барча марказий телеграм каналларида ёзиб чиқишди. Методик хизмат деган марказий телеграм каналида адабиёт дарслигининг электрон шакли берилди. Шуни синфлар телеграм гуруҳига тарқатиб, камига уни ворд дастурига кўчириб, мавзулар бўйича синфлар телеграм гуруҳига ташлаб, дарс ўтяпман.

- 3-синфларнинг дарсликлари тўлиқ берилди, - дейди Каттақўрғон туманидаги 9-умумий ўрта таълим мактаби олий тоифали бошланғич синф ўқитувчиси Шаҳзода Одилова. – Математика дарслиги жуда яхши чиққан, ўқувчилар китобдаги мисол ва масалаларни бемалол бажара оляпти. «Она тили» ва «Ўқиш» китоблари битта китоб, яъни «Она тили ва ўқиш саводхонлиги» бўлиб келган. Она тили фанида ҳеч қандай қоида йўқ. Болалар аввалгидек от, сифат каби қоида ёдламайди, аммо китобда болани фикрлашга ундайдиган машқлар кўп. Болалар мана шундан бироз қийналишди. Яхши томони - энди ўқимайдиган болалар ҳам ўйлаяпти, фикрини айтяпти. Шунингдек, табиий фан, рус тили, инглиз тили дарсликлари ҳам янгиланди. Янги дарсликлар кўпроқ ўқувчиларни мустақил фикрлашга ўргатади.

Хуршида Эрназарова.