Мамлакатимиздаги ягона туризм қишлоғига келишни истовчилар йўқми?
Албатта бор. Конигил туризм қишлоғи нафақат чет эллик, балки маҳаллий сайёҳлар учун ҳам ғоят фойдали, қизиқарли, этник маданиятимиз ҳақида қатор кўргазмали воситалар билан таништирувчи, баҳаво маскан. Аммо у барча туристик йўналишларда ҳам мавжуд эмас.
Аслида туризм соҳасида кейинги бир йилнинг ўзида қатор янги йўналишлар ташкил этилди. Хусусан, Самарқанд шаҳридаги Орзу Маҳмудов кўчаси гастрономик кўчага айлантирилди, Самарқанд туманидаги Конигил қишлоғи республикада илк туризм қишлоғи сифатида сертификатга эга бўлди, ҳалол стандартларига тўғри келадиган қатор овқатланиш шохобчалари, меҳмонхоналар ташкил қилинди. Аммо…
- Аммо пандемия шароитида Самарқандга келувчи сайёҳлар сони ундан олдинги йилга нисбатан бир неча бараварга камайди, - дейди вилоят туризмни ривожлантириш департаменти раҳбари Дилшод Нарзиқулов оммавий ахборот воситалари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида. – Ҳукуматнинг қатор имтиёзлари туфайли сайёҳларга хизмат кўрсатувчи муассасалар яшаб қолиши учун имкон берилди. Бу имкониятдан юзлаб ташкилотлар фойдаланиб, бугунги кунда ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда маҳаллий туризмни ривожлантириш учун қатор чора-тадбирлар олиб борилди. Хусусан, қиш ойларида бир қатор чегирмалар берилди, натижада декабрдан январга қадар 102 мингдан ортиқ маҳаллий туристларга хизмат кўрсатилди. Март ойидан бошлаб расман туризм мавсуми катта байрам сифатида очилди. Кейинги йилларда зиёрат сайёҳлигини ривожлантириш йўлида ҳам аниқ ишлар олиб борилмоқда. Индонезия, Туркия, Покистон, Малайзия ва бошқа қатор давлатлардан зиёрат туризми мақсадида келувчилар учун шарт-шароитлар яратилмоқда.
Афсуски, ҳамон баъзи янги йўналишлар гуруҳ билан келувчи маҳаллий туристлар учун татбиқ этилмаган. Д.Нарзиқуловнинг айтишича, яқиндан бошлаб, янги йўналишларни ташкил этган сайёҳлик фирмалари ва гидларга 5 миллиондан 10 миллион сўмгача грант маблағлари ажратилмоқда. Шунингдек, Самарқандда келгусида нафақат тарихий обидалар томошаси, балки сайёҳларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишлари учун янги кўча ва «шаҳарча»лар, туристик қишлоқлар ташкил этилади.
Гулруҳ Мўминова.