Мана сизга экотуризм: Зарафшон миллий табиат боғига ўтган йил умуман хорижий сайёҳ келмаган
Ростдан ҳам, қарийб 2,5 минг гектарни эгаллаган, ноёб ўсимлик ва ҳайвонот турлари сақланаётган, ўзига хос ландшафтга эга бу масканга 2020 йилда бирор бир хорижий сайёҳ келмаган. 2019 йилда бор-йўғи 46 нафар сайёҳ келган. Чунки мазкур боғда ҳал қилиниши керак бўлган қатор муаммолар бор.
Куни кеча "Зарафшон" миллий табиат боғига журналист ва блогерлар иштирокида ўтган пресс-турда раҳбарияти юқоридаги ҳолатни таъкидларкан, уни юзага келтирган қатор муаммоларни санаб берди.
Баҳодир Бозоров,
"Зарафшон" миллий табиат боғи туризм мутахассис:
- Туристлар келмаслигининг бир нечта сабаблари бор. Масалан, боққа келган сайёҳларни кутиб олиш учун алоҳида ташриф маркази ва экомаршрутларнинг ўзи йўқ. Транспорт воситалари, микроавтобуслар йўқ, ёриткичлар ўрнатилмаган ва хавфсизлик тизими ҳам талабга жавоб бермайди.
Бахтиёр Ражабов, "Зарафшон" миллий табиат боғи директори вазифасини бажарувчи:
- Боғнинг умумий ер майдони 2426,4 гектар бўлиб, қўриқхонага айлантирилган, рекреация, хўжалик ва бошқа мақсадларда фойдаланиш зоналарига ажратилган.
Шунингдек, кейинги беш йилда "Зарафшон" миллий табиат боғига кичик ҳайвонот боғи ташкил қилиш мақсадида 3 бош туя, 2 дона туяқуш, 3 дона товус, 2 бош Америка ламаси, 20 дона Италия қуёни, 15 дона сусарка, 4 дона япон товуғи олиб келинди.
Ҳудудидаги волъерда 24 бош, очиқ табиатда эса 135 бош Ўзбекистон Республикаси ва Ҳалқаро Қизил китобга киритилган Бухоро хонгули буғулари кўпайтириб келинмоқда.
Аммо олдимизда қатор муаммолар бор: Зарур мобил ва хавфсизлик учун техника воситалари етишмайди. Боғни 7 нафаргина нозир қўриқлайди, фойдаланадиган қуролларимиз эски. Боғда қўриқловчилар камлиги учун ҳар куни навбатсиз ишлашимизга тўғри келади.
Бухоро хонгули буғулари нимадан қийналмоқда?
Бахтиёр Ражабовга кўра, миллий боғнинг буғулар яшайдиган қисми симтўсинлар билан ўралганига анча бўлган. Шу боис тўсинлар шикастланиб, катта тешиклар юзага келган. Симтўсинлар эскирганилиги учун тешиклардан ёввойи итлар ва шохоллар кийикларга ташланиши кузатилган. Ходимлар имкон даражасида уларни ҳимоя қиляпти. Лекин янги тўсинлар ўрнатилмаса, кийик болалари нобуд бўлиши мумкин. Дарвоқе, боғда табиий ўсимликлар мунтазам суғорилмаслиги оқибатида қуриб қолмоқда. Суғориш учун эса сув насоси ўрнатиш керак.
Мазкур муаммолар бўйича "Зарафшон" миллий табиат боғи маъмурияти ёзма равишда ҳам оғзаки тарзда тегишли юқори ташкилотлар мутасаддиларига баён қилиб келишган. Афсуски, ҳалигача бирор натижа бўлмагани айтилмоқда.
Фазлиддин Рўзибоев, Zarnews мухбири.