Маънавиятсиз жамият – суст жамиятдир

Олий таълим нафақат билимлар макони, балки шахс камолотининг муҳим босқичидир. Талабанинг фикрлаши, қадриятларга муносабати, жамиятдаги тутган ўрни ва ҳаётга бўлган қараши айнан шу босқичда шаклланади.
Шу сабабли, олий таълим муассасаларида маънавий-маърифий тадбирларни замон талабларига мос равишда ташкиллаштириш ва бойитиш – устувор вазифалардан бири бўлиши керак. Афсуски, айрим ҳолларда маънавий-маърифий тадбирлар фақатгина режалаштирилган топшириқ ёки ҳисобот учун ташкил этилиб, талабанинг ички дунёсига, эҳтиёжларига, замонавий қизиқишларига мос келмай қолмоқда. Бундай ҳолларда маънавият кўпроқ расмийлик даражасида қолиб кетади, натижада унинг ҳақиқий тарбиявий таъсири сезилмайди.
Бугунги талабанинг диққат-эътиборини тортиш учун, аввало, мотивацион, интерактив ва амалий йўналишдаги тадбирлар ташкил этилиши зарур. Бу борада Самарқанд давлат чет тиллар институтида бир қатор инновацион ёндашувлар синовдан ўтказилмоқда. Жумладан, яқинда талабалар билан ёзги таътилни мазмунли ва самарали ўтказиш масаласига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда профессор-ўқитувчилар эркин савол-жавоблар воситасида талабаларнинг қизиқишларини уйғотдилар. Мотивацион тренинглар талабаларни келажак режалари ҳақида ўйлашга ундовчи, ички потенсиални уйғотувчи методлар қўлланди. Шунингдек, ушбу тадбирни қизиқарли бўлишини таъминловчи визуал воситалар слайдлар, видеороликлар, инфографикалар орқали фикрлар таъсирли етказилди. Илғор талабаларнинг китобхонлик, волонтёрликдаги ютуқлари тақдим этилди. Менторлик ёндашуви жиҳатидан профессор-ўқитувчилар индивидуал маслаҳатлар бериб, ҳар бир талабага эътибор қаратди.
Тадбирнинг натижаси ўлароқ, талабалар таътил давомида амалга оширишни истаган шахсий режа ва лойиҳаларини ишлаб чиқишди. Китобхонлик ва волонтёрлик фаолиятига қизиқиш ортди, талабаларнинг ўзаро бирлашган ташаббус гуруҳлари шаклланди. Талабалар ва устозлар ўртасида ҳамкорлик ва очиқлик муҳитига асосланган алоқа йўлга қўйилди. Тадбир якунида кўпчилик талабалар ижодий ишларга, маънавий мавзудаги блоглар, эссе ва мақолалар ёзишга қизиқиш билдирганини маълум қилишди.
Келгусида ҳар бир факультетда маънавий суҳбат клублари ташкил этиш, талабаларни ижтимоий тармоқлар орқали маънавий-маърифий блог юритишга рағбатлантириш, ўқув йили давомида ҳар ойда мотивацион учрашувлар, машҳур шахслар, битирувчилар, ижтимоий фаол ёшлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилди.
Бугунги ёшлар эртанги куннинг қурувчиларидир. Уларга тўғри йўл кўрсатиш эса бугунги педагоглар, ота-оналар ва бутун жамиятнинг вазифасидир.
Баҳора Салимова,
Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқитувчиси.