"Маниобод"да ҳозирча оилавий боғчалар, 2025 йилда давлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилади

Бугун Zarnews.uz сайтида "Уч масъулда уч хил жавоб, боғчаси йўқ маҳалла болалари эса дастурдан умидвор" номли танқидий мақола эълон қилинди.
Унда "Маниобод" маҳалласида мактабгача давлат таълим ташкилоти йўқлиги, бу бўйича ишлар ортга сурилаётганлиги танқид остига олинган.
Айни пайтда “Маниобод” маҳалласида 3-7 ёш болалар сони 400 нафарни ташкил қилади. Шундан маҳалладаги 2 та 50 ўринли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотига 50 нафар, “Чоштепа” маҳалласидаги 30-давлат мактабгача таълим ташкилотига 20 нафар, “Эрназарқўрғон” маҳалласида жойлашган 39-ДМТТ тасарруфидаги “Маниобод” маҳалласида жойлашган 83-умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган 4 та мажбурий бепул бир йиллик гуруҳларга 94 нафар, жами 164 нафар бола мактабгача таълим билан қамраб олинган.
“Маниобод” маҳалласига яқин ҳудудларда “Хўжа Исмоил” маҳалласидаги 41-ДМТТга оралиқ масофа 1 километр, “Чоштепа” маҳалласидаги 30-ДМТТга оралиқ масофа 2 километр, “Оққўрғон” маҳалласидаги 44-ДМТТга оралиқ масофа 3 километрни ташкил этади.
Туман мактабгача таълим бўлими томонидан 2025 йил Давлат дастури асосида давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилиши бўйича вилоят иқтисодиёт бошқармасига таклиф берилган.
Шунингдек, "Маниобод" маҳалласида 3-7 ёш болалар қамровини ошириш мақсадида оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотини очиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Пайариқ тумани мактабгача таълим бўлими.