Мақола ёзиб бераман
Мактабда деворий газета чиқаришда ўқувчиларга йўл-йўриқ кўрсатиб, айрим нарсаларни ўзим ёзиб беришимни ҳамкасбларим яхши биларди. Шунинг учун бир куни директоримиз хонасига таклиф қилиб, "Бир-иккита яхши мақола ёзиб берасан, ука", деди.
Бизники шунчаки ҳавас, катта газеталарга мақола ёзмаганман, десам ҳам унамади, "Салгина эга-кесимини келиштириб, қоғоз қоралаб берсанг бўлди, уёғини ўзим ҳал қиламан", деб туриб олди. Мактабда ишлашим керак, қолаверса, директор фонди деган гаплар бор – рози бўлиб қўя қолдим.
Директорнинг ўғли Тошкентдаги катта университетлардан бирида ўқийди. Нуфузли стипендияга ҳужжатларини топшираётган экан. Ана шу ҳужжатлар орасида газета-журналларда чиққан мақолалари ҳам бўлиши керак экан. Хуллас, икки кундан кейин 3-4 қоғозни қоралаб бердим.
Директоримиз айтганини қиладиган одам-да. Ҳақиқатан ҳам мен ёзган ўша "мақолалар" бир ҳафтада иккита газетада бирозгина ўзгаришлар билан чиқиб келди-да.
Ана шундан кейин мактабимиздан кимга тоифа керак бўлса ёки малака ошириш курсида ўқимоқчи бўлса, менга илтимос қилади. Албатта, шунчаки илтимос эмас, "мукофот"и бор. Ёзиб бераман, рўзғорга ҳарна-да.
Мақола дегани аслида дарс конспектининг ўзгинаси. Фақатгина бошида ва охирида битта-иккита расмий гап ёзилса бўлди. Айрим муаллимлар шуни ҳам билмайди-да.
Кейинчалик қўшни мактаблардан ҳам мақола ёздиргани келадиган бўлишди. Ҳозир бутун туманда мени яхши билишади. Бир нечта Зулфиячи қизларга, нотариуслар, ЗАГС мудиралари, ҳатто, орган ходимларига ҳам мақола ёзиб беряпман. Уларнинг ҳисоботи ёки мавсумга қараб, навбатга ёзиб қўяман.
Шу кеча-кундузда талабалар билан ишлаяпман. Ёшлар иттифоқи контракт пулининг бир қисмини тўлаб бериши учун ўша талабанинг мақоласи газетада чиққан бўлиши керак экан. Бирам маза қиляпман, ҳар куни тўрт-бештагача мақола ёзаман.
Ўзлари келишади ёки қўнғироқ қилиб, мавзуни, муаллифнинг исм-шарифини айтишади. Компьютеримда мавзуларга мос бир нечта "папка" очиб қўйганман. Битта "поиск" бераман, айтилган мавзу шундоқ чиқиб келади. Бир-икки сатрни ўзгартираман-у, муаллиф исмини ёзиб, чиройли қилиб чиқариб қўяман. Келиб, рози қилиб, олиб кетишади. Хуллас, ишим беш.
Яқинда директоримиз билан газета очмоқчимиз. Шу мақолаларни бошқа газеталарга олиб бориб юришадими, ўзимиз чиқарамиз. Фойдаси ҳақида гапиргандим, у киши рози бўлди. Фақатгина директоримизнинг номидан ота-онаси ҳақидаги китобни ёзиб тугатганимдан сўнг бу ишни бошлаймиз.
Ҳа, дарвоқе, ҳозир китоб ёзишга киришяпман. Бир-икки пулдорлар ота-боболари, қилаётган ишлари ҳақида китоб ёзишни ният қилганлигини айтяпти. Майли-да, ниятларига етсин, деб ёзиб беряпман.
Агар сиз ҳам мақола ёки китоб ёздирмоқчи бўлсангиз, тортинмай айтаверинг, келишамиз. Лекин айтиб қўяй, мен ёзган мақоламнинг чиқишига ёки китобнинг чоп этилишига кафолат бермайман, фақат ёзиб бераман. Манзилим, телефон рақамимни таҳририятда қолдирганман.
"Почерким" кўпчиликка таниш бўлгани учун ушбу мақолага имзо қўймадим.