Мақсад – байрамни кўнгилдагидек ўтказиш, жиноятчиликнинг олдини олиш

Самарқанд вилояти аҳолисининг турмуш тарзи ва муаммоларини ўрганиш, ёшлар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ш.Собиров, Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев ва Давлат хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари Ғ.Ёзиев бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи томонидан жойларда учрашувлар ўтказилмоқда.

Жумладан, Паст Дарғом туманининг Қўшчинор, Каттақўрғон шаҳрининг Баландчордара, Жомбой туманининг Зарафшон, Булунғур туманидаги Истиқлол ва Самарқанд туманидаги Конигил маҳаллаларида ўтказилган учрашувларда мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигини муносиб нишонлаш, жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва ҳудуддаги ижтимоий-сиёсий вазият барқарорлигини таъминлаш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлиги қайд этилиб, “қизил” тоифага киритилган маҳаллаларда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ва чора-тадбирлар белгилаб олинди.